Анъана ва янгича тафаккур уйғунлиги
XI Тошкент халқаро замонавий санъат биенналеси доирасида Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида Хитой замонавий санъатига бағишланган ўзига хос экспозиция очилди.
Мазкур кўргазманинг алоҳида жиҳати шундаки, музей заллари тўлиқ Хитойнинг етакчи замонавий рассомлари ижодига бағишланиб, томошабинларга Шарқ санъатининг бой мероси ва бугунги бадиий изланишлар билан яқиндан танишиш имконини бермоқда.
Экспозицияда кўп асрлик Шарқ анъаналари ва замонавий концептуал ёндашувлар ўртасидаги нозик уйғунлик ўз ифодасини топган. Хитойлик ижодкорларнинг рангтасвир асарлари ва хаттотлик намуналари орқали миллий маданиятнинг теран фалсафаси, бетакрор эстетикаси ҳамда замонавий санъатдаги талқинлари намоён этилаяпти.
Музей Хитой фалсафаси ва эстетикаси нуқтаи назаридан биенналенинг глобал мавзусини англашга хизмат қилувчи ўзига хос маданиятлараро мулоқот майдонига айланди. Бу ерда анъанавий бадиий қарашлар бугунги дунёнинг мураккаб саволлари, маданий хотира ва инсоннинг борлиқдаги ўрни ҳақидаги мушоҳадалар билан уйғунлашади.
Биенналенинг параллел дастури доирасида хитойлик рассом Хуан Жичан (Huang Zhicheng) томонидан анъанавий Хитой манзара рангтасвирига бағишланган маҳорат дарси ҳам ўтказилди. Унда иштирокчилар туш ва минерал бўёқлар билан ишлаш техникаси, шунингдек, Хитой тасвирий санъатининг муҳим йўналишларидан бири бўлган «тоғлар ва сувлар» — шан-шуй жанрининг фалсафий асослари билан танишади. Ушбу ижодий учрашув Шарқ санъатининг асрлар давомида сайқалланган анъаналарини бевосита ҳис этиш ва унинг ўзига хос ифода воситаларини англаш учун муҳим имконият яратди.
[gallery-474925]
Экспозицияда маданий хотира, борлиқ фалсафаси ва замонавий маконда ўзликни англаш масалаларига бағишланган асарлар алоҳида ўрин тутади. Бадиий шакллар, услублар ва кўламларнинг хилма-хиллиги эса томошабинни турли муаллифларнинг ижодий дунёсига чорлаб, «Воқеалар горизонти» концепциясини янада теранроқ ҳис этишга ундайди.
Н.Усмонова,
Ф.Абдурасулов (сурат),
ЎзА