"Анадолу": Туркия халқаро туризм рейтингида юқорилади
Туркия Жаҳон иқтисодий форумининг (WEF) 2026 йилги Саёҳат ва туризмни ривожлантириш индексида 36 ўринни эгаллаб, 2019 йилга нисбатан 11 поғона юқорилади.
Ахборот ҳамкоримиз - “Анадолу” АА хабар беришича, бу ҳақда Туркия маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилган.
Вазирнинг таъкидлашича, мамлакатнинг индексдаги умумий бали 2019 йилдаги 4,1206 дан 2026 йилда 4,3734 га етган. Бу 6,1 фоизлик ўсишни англатади. 2024–2026 йилларда эса мазкур кўрсаткич 2,5 фоизга ошган.
Ҳисоботда Туркиянинг барқарор туризмни ривожлантириш тажрибаси намунали амалиёт сифатида эътироф этилган. Хусусан, туризмнинг ижтимоий-иқтисодий таъсири кўрсаткичи 8,3 фоизга яхшиланиб, мамлакат ушбу йўналишда энг юқори ўсишга эришган давлатлар орасида иккинчи ўринни эгаллаган.
Шунингдек, 2022 йилда Глобал барқарор туризм кенгаши (GSTC) билан ҳамкорликда йўлга қўйилган Миллий барқарор туризм дастурига алоҳида эътибор қаратилган. Дастур доирасида мамлакатдаги 2650 дан ортиқ жойлаштириш объекти халқаро сертификат олган.
Эрсойнинг қайд этишича, Туркия туризмдан олинадиган даромадни ошириш билан бирга, табиий ва маданий меросни асраш, маҳаллий аҳоли фаровонлигини таъминлаш ҳамда соҳанинг халқаро рақобатбардошлигини мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратмоқда.
Ҳисоботда сайёҳлар оқимини алоҳида ҳудудларда ҳаддан ташқари жамланишининг олдини олиш, туризм даромадларидан маҳаллий аҳолининг кенгроқ баҳраманд бўлишини таъминлаш ва сайёҳлик ҳудудларида турмуш сифатини яхшилаш муҳим вазифалар сифатида кўрсатилган.
Жаҳон иқтисодий форумининг расмий ҳисоботига кўра, индекс 110 та иқтисодиётни қамраб олади ва сайёҳлар сонини эмас, балки туризмнинг барқарор ривожланиши учун яратилган шароитларни баҳолайди.
А.Маматов, ЎзА