Ана Брнабич: Ўзбекистон Марказий Осиёдаги муҳим ва ишончли ҳамкоримиз
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева Сербия Миллий ассамблеяси Спикери Ана Брнабич билан учрашди.
Унда кейинги йилларда Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилгани, давлат раҳбарлари ўртасидаги очиқ ва ишончли мулоқот икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани таъкидланди.
Т.Норбоева мамлакатларимиз ўртасида олий даражада эришилган келишувлар амалда ўз самарасини бераётганини, уларни ҳаётга тўлақонли татбиқ этилишида парламентлараро мулоқот муҳим воситаларидан бири эканини қайд этди.
А.Брнабич Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги муҳим ва ишончли ҳамкор сифатида баҳолаб, икки давлат ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан эътироф этди.

– Мамлакатингизнинг ўзаро ҳурмат ва дўстликка асосланган ташқи сиёсатини қадрлаймиз, – деди Сербия парламенти раҳбари.
Мулоқот давомида савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, парламентлараро комиссиялар фаолиятини фаоллаштириш, ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Мавжуд салоҳиятдан янада самарали фойдаланиш ва ўзаро манфаатли лойиҳаларни кенгайтириш муҳимлигига эътибор қаратилди.
Томонлар парламентлараро мулоқотни янада фаоллаштириш, делегациялар алмашинувини кенгайтириш ва ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олди.
Сенат Раиси Сербия парламенти вакилларини жорий йил сентябрь ойида Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Парламентлараро иттифоқнинг 12-Глобал ёш парламент аъзолари конференциясида иштирок этишга таклиф этди.
Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Сербия Миллий ассамблеяси ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган Англашув меморандуми имзоланди.
Норгул Абдураимова, ЎзА