Ҳамжиҳатлик ҳар қандай муаммони енгади
Коронавирус пандемияси бошланганидан сўнг дорихоналарда тиббиёт ниқобларига талаб янада кучайди.
Коронавирус пандемияси бошланганидан сўнг дорихоналарда тиббиёт ниқобларига талаб янада кучайди. Кўплаб дорихоналардан уни топиш амримаҳол бўлиб, нархи ҳам ошди.
Хусусан, Фарғона вилоятида дастлаб тиббиёт ниқобларида тақчиллик кузатилгандек бўлди, аммо эндиликда барчаси изга тушмоқда. Кўплаб саховатли инсонлар бу буюмларни бепул тарқатишни бошлашди. Данғара туманидаги “Аюбхон текстил” масъулияти чекланган жамияти, Бағдод, Бувайда, Фурқат туманларидаги дорихоналар ҳам ана шундай ташаббус билан чиқишди.

Бувайда тумани марказида жойлашган “Қалб шифо фарм” дорихонаси раҳбари Сирожиддин Турғунов “Вирусни енгиш учун бирлашамиз!” акциясини бошлаган ва аҳолига ёрдам тариқасида бепул тиббий ниқоб тарқатмоқда. “Аюбхон текстиль”да асосан эркаклар учун кийим-кечак ва пайпоқ ишлаб чиқарилади. Коронавирус сабаб тиббиёт ниқобларига бўлган талаб ошгани боис, айни пайтда корхонада тиббиёт ниқоблари ҳам ишлаб чиқарилиб, дорихоналарга 500 сўмдан етказиб берилмоқда. Бундан ташқари, туман марказида махсус савдо растаси ташкил этилиб, аҳолига тиббий ниқоблар бепул тарқатилмоқда.
Қува туман маъмурий суди томонидан маҳаллалардаги эҳтиёжманд оилаларга тиббиёт ниқоблари, антисептик гел ва бошқа воситалар улашилди.

“Қўқон” эркин иқтисодий зонасида яқинда иш бошлаган “Пипитто” корхонаси ҳам хайрли ташаббусни бошлади. Болалар тагликлари ва аёллар гигиеник воситаларини ишлаб чиқарадиган корхонада айни кунларда тиббиёт ниқоблари ишлаб чиқарилмоқда. Бир суткада бу ерда 400 минг дона ярим тиббиёт ниқоблари тайёрланаётган бўлиб, тикувчилик корхоналари билан тузилган шартнома асосида у тайёр маҳсулот ҳолига келтирилиб, аҳолига етказиб бериляпти.
Фарғонада аҳолининг тиббиёт ниқобларига бўлган талаби ана шундай йўллар билан қопланмоқда.