Амир Темурга ҳайкал қўйилган қишлоқни биласизми?
Бошқа жойда борми-йўқми, билмаймиз, лекин Самарқандда шундай қишлоқ бор – Тойлоқ туманидаги Ўртақишлоқ маҳалласида буюк жаҳонгир, қудратли давлат асосчиси Амир Темур ҳайкали ўрнатилган.
Бу йил юртимизда соҳибқирон бобомиз таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланиши муносабати билан туман ҳокимлиги ушбу ҳайкални реставрация қилиб, ҳудудда “Амир Темур боғи” барпо этиш ташаббускори бўлди.


– Мамлакатимизда Амир Темур ойлиги давом этаётган шу кунларда мазкур боғнинг ташкил этилиши халқимизнинг улуғ аждодимизга бўлган юксак ҳурматининг амалий ифодасидир, – деди мажмуа очилишида иштирок этган Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Ҳусан Тўхтаев. – Айни пайтда, бу ташаббус ёшларни боболаримизга муносиб ворис этиб тарбиялаш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади. Бу боққа ташриф буюрган ҳар бир инсон, албатта, соҳибқироннинг ҳаёти, саркардалик фаолияти ва бунёдкорлик ишларини ёдга олади ҳамда бу борадаги маълумотларни янада чуқурроқ ўрганишга интилади. Шунингдек, мазкур ташаббус “Яшил макон” лойиҳаси талабларига тўла мос келиб, ҳудуднинг янада обод ва кўркам бўлишига хизмат қилади.


Тадбирда қатнашган фаоллар ва тарихчи олимлар Амир Темурнинг саркардалик салоҳияти ҳамда дунё тарихида тутган ўрни, амалга оширган бунёдкорлик ишлари ва яратган боғлари ҳақида сўз юритди.
Туман маданият бўлими ва мактаб ўқувчилари томонидан саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари