Алишер Навоий девонининг ноёб қўлёзмаси нашр этилади
“Алишер Навоий изидан” халқаро илмий экспедицияси аъзолари Эрон Ислом Республикасига сафар уюштирди. Унда бир қатор ўзбекистонлик олимлар иштирок этди.
Сафардан кўзланган мақсад – Эрон олий таълим, илмий ва маданий марказлари фаолияти билан танишиш, хусусан, Алишер Навоий қадамжоларига бориш ҳамда улуғ мутафаккир бобомиз ҳаёти ва ижодига оид манба ва қўлёзмаларни топиб тадқиқ қилишдир.



Сафар давомида олимлар Теҳрон шаҳрида жойлашган Эрон Миллий кутубхонасига ташриф буюрди. У ерда Алишер Навоий шеърларидан тузилган дастлабки девон – “Бадоеъ ул-бидоя”нинг 1501 йили кўчирилган қўлёзмаси сақланади. Мазкур қўлёзма 2021 йилда ўзбек олими доктор Саидбек Болтабоев томонидан аниқланиб, навоийшуносликка маълум қилинган эди. Ҳозирга қадар фанга “Бадоеъ ул-бидоя” нинг саккиз нусхаси маълум бўлиб, бу девон Навоий умргузаронлиги вақтида кўчирилган саккизинчиси эканлиги билан аҳамиятли.


Бунинг устига, ҳозирга қадар мазкур қўлёзма таркиби илм аҳлига яхши маълум эмас. Айни девон таркибидаги шеърлар билан батафсил танишиш навоийшунослик учун янги хулосаларга олиб келиши мумкин.

Ўзбекистонлик олимлар Эрон Миллий кутубхонаси раҳбарияти билан учрашув чоғида мазкур қўлёзма билан танишиш ниятида эканлигини билдиргач, кутубхона қўлёзмалар фондидаги Алишер Навоий девонининг аслияти билан танишиш имкони берилди. Сўнг олимларимиз мазкур қўлёзманинг факсимилесини тайёрлаш ва нашр қилиш ишларини амалга ошириш ниятида эканлигини маълум қилди. Кутубхона вакиллари эса бу фикрни қўллаб-қувватлаб, шу каби нашрлар ўзаро маданий алоқаларни янада кучайтириши ва бундан мамнун эканликларини таъкидлашди.
Афтондил ЭРКИНОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
профессори, филология фанлари доктори.
ЎзА