Алишeр Навоий дeвонининг Истанбулдаги янги нашри
Дунё адабиётидан ўрин олган дурдона асарларнинг инсоният маданий тараққиётида беқиёс ўрни бор. Туркий халқларнинг улуғ шоири Алишер Навоий ижодини ҳам шундай ҳиссадор манбалар сирасига киритиш мумкин. Ижодкорнинг олти асрдан бери авлоддан-авлодга ўтиб келаётган, халқнинг онг-у тафаккурига таъсир этиб, унинг ҳақиқат ва эзгу умидларини ифодалаган китоблариқайта-қайта нашр этиб келинмоқда.
Аҳамиятли томони, Навоий асарлари нафақат маҳаллий нашрларда, балки хорижий матбааларда ҳам тайёрланиб, китобхонларга тақдим этилмоқда. Шундай ноёб асарлардан бири – “Бадоеъ-ул-бидоя” девони Туркиянинг Истанбул шаҳрида чоп этилди. Китоб профессорлар Ваҳит Турк ва Жаббор Эшонқул саъй-ҳаракатлари билан Туркия ёзма асарлари кенгаши раёсати ҳомийлигида юксак полиграфик мезонларданашр қилинган.
Ушбу нашрда Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейида 216-рақам остида сақланилаётган “Бадоеъ-ул-бидоя” девонига таянилган. Бу ноёб қўлёзма 1486 йилда хаттот Али ибн Нур томонидан Ҳиротда китобат қилинган. Асарнинг ўзига хос жиҳати шундаки, у шоирнинг ўзи томонидан тартиб берилган биринчи расмий девони ҳисобланади.
Шу чоққача девоннинг муаллиф ҳаётлигида кўчирилган саккиз нусхаси фанга маълум қилинди. Булар 1480-1501 йилларда китобат қилинган Париж, Лондон, Теҳрон, Боку, Истанбул, Тошкент, Теҳрон II нусхаларидир. Истанбул нашрига айнан Тошкент нусханинг асос қилиб олинганига сабаб эса матннинг тўғрилиги ва шеърлар миқдорининг кўплиги ҳамда шоирнинг бевосита назаридан ўтганлик эҳтимоли билан изоҳлаш мумкин. Қолаверса, мазкур китобда дебоча остидан ўрин олган Ҳусайн Бойқаро исми зарҳал сиёҳда битилган. Матншунос олим O.Жўрабоевнинг фикрича, бу қўлёзма шоҳ Ҳусайн Бойқаро кутубхонаси учун махсус тайёрланган ва унинг матни нисбатан саҳиҳроқдир.
“Бадоеъ-ул-бидоя”нинг янги нашри туркий дунё адабиётини яна бирқимматли манба билан бойитди. Зеро, китобнинг аввалида Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған таъкидлаганидек, турли соҳа ва фанга оид бой, ноёб матнларни асраб-авайлаш, таржима ёки факсимил нашрларни эълон қилиш свилизациянинг муҳим бўғинларидан саналади.
Эътиборли жиҳати, китобда Навоий ижоди, фаолияти билан чуқурроқ таништиришда шоир биографияси, асарлари ёзилиш мақсади, тузилиши, ғоявий концепцияси, мавзу йўналишлари ҳақида мухтасар маълумот берилади ҳамда уларга оид турк олимлари томонидан олиб борилган тадқиқотлар ҳам санаб ўтилган.
“Бадоеъ-ул-бидоя”нинг лотин алифбосидаги илмий танқидий матни мавжуд нусхалар ва асосан Тошкент нусхаси асосида тайёрланган. Девон матни Навоий томонидан кейинчалик тартиб берилган “Хазойин-ул-маоний”даги шеърлар билан қиёсий ўрганилиши натижасида ғазалларнинг кўпи “Ғаройиб-ус-сиғар” девонидан ўрин олганлиги, бошқа жанрлар эса ҳар тўрт девонда ҳам учраши ҳақидаги маълумотлар берилади. Қолаверса, қиёс учун 1987 йилда юртимизда нашр қилинган “Мукаммал асарлар тўплами” йигирма жилдликнинг биринчи жилди ҳам олинган.
Қўлёзмадаги мисралар Туркияда нашр этилган девонлар билан солиштириб, нусхадаги ўзгаришлар,олдинги нашрларда мавжуд бўлмаган 96 байт шеър ва уларнинг кейинчалик қайси девонда учраши қавс ичида рақамлари билан изоҳлар остида кўрсатилган.
Девонда 666та ғазал, 3та мустазод, 3та мусаддас, 6та муҳаммас, мусамман, 2та таржиъбанд, 47та қитъа, 82та рубоий, 10 та луғз, 52 та муаммо, 10та туюқ, 52 та фард ўрин олган. Яъни Тошкент нусхада қандай жойлашган бўлса, шундай тартиб ва миқдорда келган. Матннинг қимматини оширган яна бир томони, ҳар бир назмий асардан олдин унинг аруз вазнининг қайси баҳрида ёзилганлиги ҳақидаги маълумотдир. Бунда китобхонга мумтоз манбани ўқиш малакасини шакллантиришига ёрдам бериши кўзда тутилган:
Асли: Не ажаб гар қилмасам гулранг бўйин орзу,
Ким эрур ондин димоғим ичра ўт, кўзимда су, –
Фарди Истанбул нашрида қуйидагича берилади:
Faʻilätün Fäʻilätün Faʻilätün Fäʻilün
Ni aceb ger kılmasam gül-reng ü büyın arzů
Kim irür andın dimāğım içre ot közümde su..
Айнан шу намунанинг Туркиядаги нашрларда учрамаслиги ҳақида ҳам изоҳларда кўрсаткич орқали ифодаланган.
Китобнинг учинчи қисмидан 216-рақамли Тошкент нусханинг фото-факсимил нашри ўрин олган. Бунда қўлёзманинг бутун характерли томонларини кўрсатиш, ноёб нусханинг кенг китобхонлар оммасига танитиш, кейинги илмий тадқиқотларда манба сифатида фойдаланиш каби вазифаларни бажариши аҳамиятлидир. Зеро, факсимил нашр қўлёзмани аянан акс эттириб, унинг қимматли жиҳатларини кўрсатишга, асл манбанинг қандайлиги ҳақида тасаввур ҳосил бўлишига хизмат қилади.
Умуман олганда, “Бадоеъ-ул-бидоя” девонининг ушбу нашри кенг миқёсдаги катта бир тадқиқотни, адабий асарни юзага чиқарган. Натижада Навоий лирикасининг нисбатан тўлиқ ва тоғри матни шакллантирилган. Қолаверса, китоб муқоваси, ички дизайнида ХХI аср ва шоир яшаган давр китобат анъаналари уйғунлик касб этган. Икки қардош халқ ўртасидаги адабий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи бундай нашрлар даҳо ижодкорларнинг асарларини кенг ёйишда муҳим аҳамият касб этади.
Дилноза Рустамова,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси
Давлат адабиёт музейи таянч докторанти
ЎзА