Албанияда Трамп куёви лойиҳасига қарши намойишлар кучаймоқда (+видео)
Албанияда сўнгги кунларда минглаб одамлар Дональд Трампнинг куёви Жаред Кушнер билан боғлиқ курорт лойиҳасига қарши намойишларга чиқмоқда, деб хабар берди Reuters агентлиги.
Лойиҳа Адриатика соҳилидаги экологик жиҳатдан ҳимояланган ҳудудлар атрофида қурилиши режалаштирилган. Намойишчилар курорт қурилиши фламинго, денгиз тошбақалари ва бошқа ноёб ҳайвонлар яшайдиган ҳудудларга зарар етказиши мумкин, дейишмоқда.
Экологлар ва маҳаллий аҳоли лойиҳа табиатга тузатиб бўлмас зарар келтиришидан хавотирда. Намойишчилар фламинголарни рамз сифатида танлаган ва баъзи ОАВ бу ҳаракатни ҳатто “Фламинго инқилоби” деб атамоқда.
Лойиҳа қиймати тахминан 1,4 миллиард евро деб баҳоланмоқда. Унда меҳмонхоналар, виллалар қурилиши кўзда тутилган. Намойишчилар ҳукуматни шаффофлик етишмаслиги ва ҳимояланган ҳудудларда қурилишга рухсат берганликда ҳам танқид қилмоқда.
Албания бош вазири Эди Рама эса лойиҳани қўллаб-қувватлаб, у мамлакатга сармоя ва юқори даражали туризмни жалб қилишини айтиб, қурилиш тўхтатилмаслигини маълум қилган.
<iframe width="480" height="860" src="https://www.youtube.com/embed/cqoe48os1Og" title="Albaniyada Tramp kuyovi loyihasiga qarshi namoyishlar kuchaymoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА