АКТ ходимининг қонуний устама ҳақи ундириб берилди
Бундан бир муддат олдин сайхунободлик Ў. Камолова Сайхунобод туман Ахборот-кутубхона марказида АКТ ходими сифатида фаолият юритаётгани, бироқ қонунчиликда назарда тутилган устама тўловлари амалга оширилмаётганидан норозилигини билдириб, туман адлия бўлимига мурожаат қилган эди.
Мазкур мурожаат эътиборсиз қолмади. Туман адлия бўлими томонидан ҳолат қонунчилик талаблари асосида ўрганилиб, фуқаро 2020 йилдан буён мазкур марказда АКТ ходими лавозимида ишлаб келаётгани, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида тегишли халқаро сертификат ҳамда миллий гувоҳномага эга экани аниқланди. Шунингдек, у 2025 йил август ойида белгиланган тартибда аттестациядан ўтиб, тегишли гувоҳномани олган.
Амалдаги қонунчиликка кўра, давлат органлари ва бюджет ташкилотларида замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини жорий этиш ҳамда ривожлантиришга масъул ходимларга белгиланган тартибда устама тўловлари назарда тутилган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 февралдаги “Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, мазкур тоифадаги ходимларга лавозим маошига нисбатан 100 фоиздан кам бўлмаган миқдорда ҳар ойлик устама белгилаш кўзда тутилган. Шунингдек, 2023 йил 24 майдаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида рақамли технологиялар соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонга асосан, тегишли халқаро сертификатга эга масъул ходимларга қўшимча 20 фоизлик устама тўлаш белгиланган.
— Ўрганиш давомида Сайхунобод туман Ахборот-кутубхона марказида мазкур талабларга тўлиқ риоя этилмагани маълум бўлди. Хусусан, Ў. Камоловага 2025 йил сентябрь ойидан 2026 йил май ойига қадар ҳисобланган 26 миллион 974 минг 458 сўм миқдоридаги устама тўланмаган, — дейди Сайхунобод туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси Бегижон Ҳамдамов.
Меҳнат кодексининг 154-моддасида иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга бажарган иши учун меҳнат шартларига мувофиқ ҳақ тўлаши шартлиги белгиланган.
Шу асосда Сайхунобод туман адлия бўлими фуқаро Ў. Камолованинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманлараро судига даъво аризаси киритди.
Суд ишни кўриб чиқиб, ходимнинг талабларини қаноатлантирди. Суднинг ҳал қилув қарори билан Ў. Камолова фойдасига Сайхунобод туман Ахборот-кутубхона маркази ҳисобидан 26 миллион 974 минг 458 сўм ундириш белгиланди.
— Меҳнат муносабатларида қонунчилик талабларига риоя этиш, ходимларга тегишли иш ҳақи ва устама тўловларини ўз вақтида амалга ошириш муҳим. Бу талаблар амалдаги қонунчиликда ўз аксини топган. Зеро, қонун билан кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш ҳар бир иш берувчининг муҳим мажбурияти ҳисобланади, — дейди Бегижон Ҳамдамов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири