АКТ мутахассислари учун рақамли таълим бўйича тренинг ўтказилмоқда
Маълумки, бугунги кунга келиб компьютер технологиялари барча соҳага фаол кириб келди. Айниқса, ундан таълим жараёнларида манфаатли фойдаланиш устувор вазифага айланди.
Шу мақсадда, АКТ мутахассислари учун рақамли таълим муҳитини бошқариш ва ривожлантириш бўйича тренинг ташкил этилди.

ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда А.Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти ҳамкорлигида ўтказилаётган тренингда Қорақалпоғистон Республикаси ва ҳудудий мактабгача ва мактаб таълими бошқармаларининг рақамли технологиялар бўйича мутахассислари иштирок этмоқда.
Таъкидланишича, мазкур тренинг “Ўзбекистонда таълим соҳасидаги имкониятларни кенгайтириш: юқори сифатли ва инклюзив таълим натижаларига эришиш учун АКТ ва рақамли таълимдан фойдаланиш” лойиҳаси доирасида ўтказилмоқда.

Тренингнинг асосий мақсади таълим сифатини ошириш, рақамли таълим платформаларидан самарали фойдаланишни таъминлаш, синфларни бошқаришнинг замонавий технологияларини жорий этиш ҳамда мактабларда барқарор рақамли таълим муҳитини шакллантиришдан иборат.
Тренинг доирасида халқаро ва маҳаллий экспертлар иштирокида амалий машғулотлар, тажриба алмашиш сессиялари ҳамда мактабларда рақамли трансформацияни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилиш кўзда тутилган.

Қайд этилишича, ушбу ташаббус таълим муассасаларида замонавий рақамли бошқарув тизимларини жорий этиш, АКТ мутахассисларининг касбий салоҳиятини ошириш ҳамда ўқув жараёнининг самарадорлигини кучайтиришга хизмат қилади.
Шербек Исломов, ЎзА