Акрамжон Неъматов: «Янгидан шаклланаётган кўп марказли дунёда Марказий Осиё ўзаро ҳамкорликнинг мустақил марказига айланмоқда»
2026 йил 28 сентябрь-1 октябрь кунлари Москва вилоятининг Истра шаҳрида «Келажак олдидаги масъулият: Имконият чегараларими ёки чексиз имкониятларми?» мавзусида “Валдай” халқаро мунозара клубининг XXIII йиллик йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов иштирок этди.
Форум 40 давлатдан 120 иштирокчини бир жойга тўплади. Унда россиялик экспертлар билан бир қаторда Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Покистон, Туркия, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари ҳамда Европа, Шимолий ва Жанубий Америка, Африка ва Жануби-Шарқий Осиё давлатлари вакиллари иштирок этди.
Йиғилиш кун тартибида ҳозирги дунё тараққиётининг кенг доирадаги масалаларини қамраб олинди. Расмий очилиш маросимида Клубнинг «Ваҳимага ўрин йўқ: давлат ва келажак олдидаги масъулият» номли йиллик маърузаси тақдим этилди.
Йиғилиш доирасида иштирокчилар Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Россия Федерацияси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари Максим Орешкин билан учрашди. Форум Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин иштирокидаги алоҳида ялпи мажлис билан якунига етди.
Муҳокамаларнинг асосий мавзуларидан бири ўзаро чамбарчас боғлиқ бўлган қатор жараёнлар таъсирида дунё тизимида юз бераётган чуқур трансформация бўлди. Бир томондан, жадал технологик тараққиёт, рақамлаштириш ва сунъий интеллект иқтисодиёт, меҳнат бозори, хавфсизлик тизими ва ҳатто жамиятларнинг тузилмаларини ўзгартирмоқда. Бошқа томондан эса, иқлим ўзгаришлари, демографик силкинишлар, миграция ва пандемия билан боғлиқ хавф-хатарлар миллий чегаралардан анча ташқарига чиқадиган янги узоқ муддатли таҳдидларни юзага келтирмоқда.
Бундай шароитда янада мураккаб кўп марказли ва кўп қутбли дунёнинг шаклланиши кескин жадаллашмоқда. Иқтисодий ва сиёсий тараққиётнинг янги марказлари пайдо бўлмоқда, Осиё, Африка ва бошқа минтақаларнинг роли ортиб бормоқда. Йирик давлатлар билан бир қаторда, ўзининг хос кун тартибини шакллантира оладиган ва кенг кўламли ташқи алоқалар тармоғини йўлга қўйишга қодир бўлган барқарор ва ўзаро узвий минтақавий маконларнинг аҳамияти тобора юксалмоқда. Бу жараёнлар рақобат ва мавҳумлик кучаяётган шароитда кечаётган бўлса-да, айни пайтда муайян давлатлар ва минтақалар учун янги имкониятларга ҳам йул очиб бермоқда.
Кўплаб инқирозлар ва янги имкониятлар ғайриоддий комбинацияга киришган бундай шароитда давлатларнинг масъулияти, суверенитет ва миллий манфаатларни ҳурмат қилиш, ишончни мустаҳкамлаш ҳамда ўзаро мақбул ечимларни топиш алоҳида аҳамият касб этмоқда. Иштирокчилар таъкидлаганидек, мураккаблашиб бораётган дунё билан боғлиқ саволларга изоляция ва назорат қилиб бўлмайдиган рақобат эмас, балки мулоқот, ҳамкорлик ва мавжуд зиддиятлар шароитида келиша олиш қобилияти жавоб бўлиши мақсадга мувофиқдир.
Шундан келиб чиққан ҳолда, халқаро институтларни ўзгариб бораётган кучлар нисбати ва дунёдаги хилма-хилликнинг ортиб боришига мослаштириш, уларнинг вакиллик даражаси ва ваколат мақомини ошириш, тараққиётнинг янги марказлари манфаатларини имкон қадар тўлиқ ҳисобга олиш зарурлиги таъкидланди. Шу билан бирга, технологик, иқлимий, демографик ва бошқа трансчегаравий таҳдидлар шуни кўрсатмоқдаки, муттасил тараққиёт ва глобал барқарорлик ҳатто рақобат кучайиб бораётган шароитда ҳам қўшма қарорларни тақозо этади.
«Шарқда қандай қуёш чиқади? Марказини Осиё ифода этадиган дунё манзараси» мавзусидаги сессия алоҳида эътиборга молик бўлди. Муҳокамалар чоғида иқтисодий фаоллик кенгайиб бораётган Осиё макони томон силжишда давом этаётгани қайд этилди. Тинч ва Ҳинд океанлари макони жаҳон иқтисодий тараққиётининг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан бири деб баҳоланди ҳамда келаси ўн йилликларда халқаро ривожланишнинг суръатини белгилайдиган муҳим жараёнларнинг асосий майдонларидан бўлиши эътироф этилди.
Бунда Осиёда янги ягона куч марказининг пайдо бўлиши эмас, балки юксалиш, савдо, технология ва транспорт борасида ўзаро узвий алоқадорликда бўладиган марказларнинг мураккаб тармоғи шаклланаётгани назарда тутилди. Бундай маконда қитъанинг турли ҳудудларини бир-бири билан боғлай оладиган ва улар ўртасида ҳамкорлик учун шароит яратишга қодир бўлган давлатлар ва минтақалар алоҳида аҳамият касб этади.
Шу нуқтаи назардан Марказий Осиёнинг аҳамияти ортиб бораётгани таъкидланди. Қайд этилганидек, сўнгги йилларда минтақа сезиларли ички трансформация жараёнини бошдан кечирди. Илгари унинг ривожланишига кўп жиҳатдан ҳал этилмаган чегара масалалари, чекланган ўзаро алоқадорлик ва ўзаро ишончнинг сустлиги таъсир қилган бўлса, энди у давр ўрнини биргаликда ривожланиш, иқтисодий кооперацияни кенгайтириш ва барқарор минтақавий алоқадорликни шакллантириш босқичи эгалламоқда.
А.Неъматов йиғилиш якунларини шарҳлар экан, бундай деди: «Дунёда юз бераётган бундай ўзгаришлар шароитида Марказий Осиё мутлақо янги суръат ва сифатни намоён этмоқда. Минтақа ҳақида сўз кетганда, фақат зиддиятлар ва ҳал этилмаган масалалар тилга олинадиган давр ортда қолди. Бугун Марказий Осиёда ўзаро ишонч ошиб бораётган, иқтисодий алоқалар кўлами кенгаяётган, қўшма лойиҳалар сони ва узоқ муддатли муштарак манфаатлар қамрови ўсиб бораётган биргаликда ривожланиш макони шаклланмоқда».

СМТИ вакилининг таъкидлашича, янгидан шаклланаётган Осиё маконида Марказий Осиё минтақаси тобора муҳим ўрин эгалламоқда. «Географик жиҳатдан минтақамиз Шарқий ва Жанубий Осиё, Европа, Россия, Кавказ ва Яқин Шарқни боғлайдиган муҳим йўналишлар марказида жойлашган. Лекин бугун Марказий Осиёнинг аҳамиятини фақат унинг географик жойлашуви билан белгиламаслик керак. Минтақанинг ички ўзаро узвий алоқадорлиги ортиб бораётгани Марказий Осиёни Евроосиёнинг муҳим туташув нуқталаридан бири бўлган макон сифатида янада ишончли намоён этиш имконини бермоқда. Бу макон орқали транспорт йўлаклари, савдо оқимлари, энергетик, инвестицион ва гуманитар алоқалар ўтиши мумкин».
А.Неъматовнинг фикрича, сўнгги йиллар тажрибаси айнан глобал беқарорлик шароитида алоҳида аҳамият касб этмоқда. «Шаклланаётган кўп марказли дунё фақат йирик давлатлардан иборат бўлмайди. Энди ўз устувор йўналишларини мустақил белгилай оладиган, ички масалалар бўйича келишишга қодир бўлган ва бир вақтнинг ўзида кенг ташқи алоқалар тизимини шакллантира биладиган барқарор ҳудудлар тобора муҳим роль ўйнай бошлайди. Бугун Марказий Осиё айнан шундай моделни намоён этмоқда. Бу модель кимгадир қарши туриш эмас, балки ички ўзаро алоқадорликни мустаҳкамлаш, ҳар томонлама мақбул бўладиган муроса йўлларини излаб топиш ва умумий манфаатларни аниқ лойиҳаларга акс эттириш орқали гавдаланади».
Унинг сўзларига кўра, минтақавий тараққиётнинг янги босқичига хос хусусиятлардан бири ҳам шу: «Бугун Марказий Осиёдаги ҳамкорлик ўзининг ички динамикасига эга. Кейинги йилларда мураккаб масалаларнинг ҳал этилиши минтақа давлатларининг узоқ муддатли манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ўзаро мақбул ечимларни топиш қобилиятини намоён этди. Натижада илгари асосан хавф-хатар ва зиддиятларига кўп эътибор берилган Марказий Осиё эндиликда кенг имкониятлар ва биргаликда ривожланиш маконига айланмоқда».

А.Неъматов Ўзбекистон учун юз бераётган жараёнлар алоҳида аҳамиятга эга эканини қайд этди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг яхши қўшнилик, ўзаро ишонч ва иқтисодий ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашга қаратилган изчил сиёсати нафақат икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга, балки бутун Марказий Осиёнинг субъектливлигини – мустақил равишда қарорлар қабул қилишга қодирлик мақоми ва салоҳиятини оширишга ҳам хизмат қилмоқда.
«Валдай» клуби йиғилиши доирасида А.Неъматов хорижий таҳлилий, илмий ва тадқиқот марказлари вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказди. Мулоқотларда халқаро ва минтақавий тараққиётнинг асосий тенденциялари, Марказий Осиёни ривожлантириш истиқболлари, транспорт соҳасида ва иқтисодий жиҳатдан ўзаро боғлиқликни кенгайтириш, экспертлар ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувлар якунлари бўйича ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари белгилаб олинди, профессионал даражада янги алоқалар қарор топтирилди ва биргаликдаги экспертлик-таҳлилий ишларни давом эттириш ва янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича келишувларга эришилди.
ЎзА