Акрамжон Неъматов: Марказий Осиёнинг замонавий минтақавий ўзлиги муштарак қадриятлар ва келажак ҳақидаги умумий қарашлар асосида шаклланиши лозим
23 сентябрь Бишкек шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов давлат органлари, фуқаролик жамияти, эксперт ва академик доиралар, ёшлар ҳамда халқаро ҳамжамият вакилларини бирлаштирувчи йиллик очиқ мулоқот майдони — “Интимак” ҳафталигида иштирок этди.
Жорий йилда “Ала-Тоо” халқаро университетида ўтказилаётган форум “Маҳаллий ҳамжамиятларни ривожлантириш ва тинчликни барпо этишда ёшлар ва хотин-қизларнинг ўрни” мавзусига бағишланган. Қирғиз Республикаси Президенти ҳузуридаги Дин ишлари ва миллатлараро муносабатлар бўйича миллий агентлик тадбирнинг миллий ҳамкори ҳисобланади. Дастурдан ижтимоий жипсликни мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва ёшлар иштирокини кенгайтириш, табиий ресурсларни бошқариш, иқлим ўзгаришига бардошлиликни ошириш ҳамда маҳаллий ҳамжамиятларни ривожлантириш масалалари ўрин олган.
Тадбирларда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, илмий тадқиқот ва таълим муассасалари, фуқаролик жамияти ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари, жумладан, Марказий Осиё мамлакатларидан иштирокчилар қатнашмоқда.
Очилиш маросимида сўзга чиққан Қирғиз Республикаси Давлат котиби Арслан Койчиев “Интимак” ҳафталигининг тинчлик, ўзаро англашув ва жамиятда тотувликни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи мулоқот майдони сифатидаги аҳамиятини таъкидлади. У ёшлар ва хотин-қизларнинг маҳаллий ҳамжамиятлардаги ижобий ўзгаришларнинг фаол иштирокчилари сифатидаги алоҳида ўрнини қайд этди.
2023-йилдан буён ўтказиб келинаётган “Интимак” ҳафталиги давлат, фуқаролик жамияти, халқаро ҳамкорлар, маҳаллий ҳамжамиятлар, бизнес, оммавий ахборот воситалари ва эксперт доиралари ўртасида тинчликни барпо этиш ҳамда ижтимоий жипслик масалалари юзасидан бевосита мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилган. Вақт ўтиши билан ташаббуснинг минтақавий қамрови кенгайиб бормоқда.
СМТИ томонидан ҳамкорлар билан биргаликда 2025-йилда Фарғонада ўтказилган биринчи Фарғона тинчлик форуми ушбу жараённинг муҳим босқичи бўлди. Унинг доирасида Ўзбекистонда илк бор махсус “Интимак куни” ташкил этилди. Тадбир давлат тузилмалари, фуқаролик жамияти, ёшлар ва хотин-қизлар бирлашмалари, академик доиралар ҳамда халқаро ташкилотларни Фарғона водийсида ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш йўлида бирлаштирди.

Жорий ҳафталик доирасида Акрамжон Неъматов Марказий Осиёнинг минтақавий ўзлигини шакллантириш ва мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган “Марказий Осиё: умумий ўтмишдан муштарак келажак сари” мавзусидаги махсус сессияда сўзга чиқди.
Сессияда давлат органлари, университетлар, экспертлар ҳамжамияти, фуқаролик жамияти ва ёшлар вакиллари иштирок этди. Минтақа мамлакатлари мутахассисларидан иборат гуруҳ томонидан ишлаб чиқилаётган Марказий Осиёнинг минтақавий ўзлигини шакллантириш ва мустаҳкамлаш концепцияси лойиҳаси муҳокамаларнинг асосий мавзуси бўлди.
Муҳокамаларда “Ала-Тоо” халқаро университети вакиллари билан бир қаторда Бишкекдаги бошқа олий таълим муассасалари — Жусуп Баласагин номидаги Қирғиз миллий университети, Қирғизистон халқаро университети ва Марказий Осиёдаги халқаро университет талабалари ҳам қатнашди. Бу ёшлар иштирокидаги муҳокамалар қамровини кенгайтириш ҳамда Қирғизистон пойтахтидаги турли олий таълим муассасалари талабаларининг қарашларини инобатга олиш имконини берди.
Муҳокамаларда таъкидлангандек, ҳужжат дастлабки босқичданоқ бир мамлакат ёки алоҳида таҳлилий марказ ташаббуси эмас, балки Марказий Осиё вакилларининг биргаликдаги интеллектуал фаолияти маҳсули сифатида кўриб чиқилмоқда. Лойиҳа минтақа мамлакатлари олимлари, экспертлари, таҳлилий тузилмалари, фуқаролик жамияти ва ёшлар вакиллари иштирокида бир неча босқичда муҳокама қилинди. Ҳар бир муҳокама ҳужжатни мазмунан бойитиш ва турли ёндашувларни ҳисобга олишга хизмат қилди.
Ҳужжатнинг янгиланган таҳририда асосий эътибор янги ёки миллий ўзликдан устун турувчи ўзликни сунъий равишда шакллантиришга эмас, балки аллақачон мавжуд бўлган минтақага дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлашга қаратилган. Бу туйғу ўзаро чамбарчас боғлиқ тарихий-маданий мерос, бугунги ҳамкорлик тажрибаси, муштарак қадриятлар ва келажак ҳақидаги умумий қарашларга таянади.
Минтақавий ўзлик Марказий Осиёдаги яқинлашув жараёнлари учун кенг ижтимоий таянч яратиши, уларга барқарор ва узоқ муддатли тус бериши лозимлиги алоҳида таъкидланди. Ҳамкорлик таълим, академик мобиллик, савдо, саёҳатлар, қўшма лойиҳалар, маданий ва инсоний алоқалар орқали одамлар ҳаётида амалий аҳамият касб этган сари давлатлараро келишувлар ҳам мустаҳкамланиб боради.
“Минтақавий ўзликни фақат ҳукуматлараро қарорлар билан мустаҳкамлаб бўлмайди. У университетлар, шаҳарлар, ҳудудлар, тадбиркорлар, журналистлар, тадқиқотчилар, ижодий доиралар, ёшлар ва хотин-қизлар ташкилотлари ўртасида кенг алоқалар тизими шакллангандагина барқарор тус олади”, — деди А. Неъматов.
Унинг фикрича, замонавий минтақавий ўзлик нафақат тарихий яқинликка, балки, аввало, муштарак қадриятлар ва келажак ҳақидаги умумий қарашларга таянаши лозим.
“Тарих бизни нималар яқинлаштиришини тушунтиради. Бугунги ҳамкорлик биргаликда нималарга қодир эканимизни кўрсатади. Келажак ҳақидаги умумий қарашлар эса энг муҳим саволга — бугун минтақага дахлдорлик туйғуси бизга нима учун зарур, деган саволга жавоб беради”, — дея таъкидлади СМТИ вакили.
Шу билан бирга, минтақавий ўзлик миллий ўзликнинг ўрнини босмайдиган, балки уни тўлдирадиган дахлдорлик даражаси сифатида қаралмоқда. Бу инсонга ўз мамлакати, маданияти ва анъаналари билан мустаҳкам алоқани сақлаган ҳолда ўзини умумий Марказий Осиё маконининг бир қисми сифатида англаш имконини беради.
Сессиянинг амалий қисми интерактив шаклда ўтказилди. Экспертлар, олимлар, фуқаролик жамияти ва Бишкекдаги турли олий таълим муассасалари талабалари гуруҳларда ишлаб, Концепция лойиҳасини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқди.
Иштирокчилар эҳтимолий тўсиқлар ва нозик ёндашувни талаб этадиган масалаларни, шунингдек, минтақавий ўзлик фуқароларнинг кундалик ҳаётида намоён бўлиши учун зарур чора-тадбирларни муҳокама қилди. Минтақа ичида барқарор алоқаларни шакллантиришда таълим, академик алмашинувлар, ёшлар ташаббуслари ва одамлар ўртасидаги бевосита мулоқотнинг ўрнига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу тариқа, ёшлар иштироки тадбир дастурининг таркибий қисми бўлиш билан бирга, Концепцияни мазмунан такомиллаштириш воситаларидан бирига айланди. Бишкекдаги турли олий таълим муассасалари талабаларининг жалб этилиши ёшларнинг кенгроқ доирадаги қарашларини ифода этиш имконини берди. Бу Марказий Осиё келажаги масалалари бўйича университетлараро очиқ мулоқотга эҳтиёж юқори эканини ҳам кўрсатди.
Мазкур ёндашув ҳужжатни “қуйидан юқорига” тамойили асосида такомиллаштиришни давом эттириш имконини берди. Бунда жамият минтақавий муштаракликни шакллантириш жараёнининг объекти эмас, балки бевосита иштирокчиси ва ҳаммуаллифи сифатида намоён бўлади.
Бишкекка ташрифи доирасида А. Неъматов Швейсариянинг PeaceNexus жамғармаси раҳбарияти — ижрочи директор Катриона Гурлей ва бошқарув аъзоси Дитер фон Бларер билан ҳам учрашув ўтказди.

Томонлар Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликнинг ривожланиш суръатлари, СМТИ ва PeaceNexus ўртасидаги шерикликни кенгайтириш, шунингдек, ишонч, ижтимоий жипслик ва минтақавий ўзликни мустаҳкамлашга қаратилган экспертлик ва жамоатчилик ташаббусларини биргаликда қўллаб-қувватлаш истиқболларини муҳокама қилди.
Жамғарма вакиллари Марказий Осиё давлатлари ўртасида эришилган жипслашув даражасини юқори баҳолаб, минтақавий мулоқот ва тинчликни барпо этишга қаратилган ташаббусларни ривожлантириш бўйича биргаликдаги ишларни давом эттиришга тайёрлигини билдирди. “Ала-Тоо” халқаро университети ректори Назира Есеналиева билан алоҳида учрашув бўлиб ўтди.

Суҳбат давомида Марказий Осиё давлатларининг олий таълим соҳасидаги ҳамкорлигини ривожлантириш, олий таълим муассасалари ўртасидаги бевосита алоқаларни кенгайтириш, қўшма таълим ва тадқиқот дастурларини амалга ошириш, шунингдек, академик, талабалар ва ўқитувчилар алмашинувларини ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Академик мобиллик ва университетлар ўртасидаги барқарор ҳамкорлик минтақавий муштаракликни мустаҳкамлашнинг муҳим омиллари экани таъкидланди. Талабалар, ўқитувчилар ва ёш тадқиқотчилар ўртасидаги мунтазам алоқалар минтақа мамлакатлари ҳақидаги ўзаро билим ва тасаввурларни бойитади, янги касбий ва инсоний ришталарни шакллантиради ҳамда узоқ муддатли минтақавий ҳамкорлик учун амалий асос яратади.
“Интимак” ҳафталиги якунларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти тинчликни барпо этишга қаратилган ташаббусларни илгари суриш, мулоқотни мустаҳкамлаш ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Тинчликни барпо этиш хабининг ташаккурномаси билан тақдирланди.

Мазкур хаб тинчликни барпо этиш ва ижтимоий жипслик йўналишларида фаолият юритаётган халқаро ва жамоат ташкилотларини бирлаштиради. У фаолиятни мувофиқлаштириш, тажриба алмашиш ва қўшма ёндашувларни ишлаб чиқиш майдони бўлиб хизмат қилади.

СМТИнинг “Интимак” ҳафталигидаги иштироки институтнинг Марказий Осиё мамлакатларидаги ҳамкорлари ва халқаро ташкилотлар билан олиб бораётган изчил ишларининг давоми бўлди. Ушбу саъй-ҳаракатлар минтақавий яқинлашувнинг ижтимоий асосларини ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга, Марказий Осиёни тинчлик, яхши қўшничилик ва биргаликдаги тараққиёт макони сифатида қарор топтиришга қаратилган.
ЎзА