АI500! Ҳакатон мусобақасининг финал босқичи бўлиб ўтди
Бугунги кунда сунъий интеллект технологиялари иқтисодиётнинг барча тармоқларида туб ўзгаришларни юзага келтирмоқда. Айниқса, банк-молия ва аграр соҳада АI жорий этилиши самарадорликни ошириш, инновацион хизматларни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан “Агробанк” АТБ томонидан ўтказилган АI500! Ҳакатон мусобақасини мамлакатимизда сунъий интеллект соҳасини ривожлантириш йўлидаги муҳим ташаббуслардан бири сифатида эътироф этишимиз мумкин.
АI500! Ҳакатоннинг асосий мақсади сунъий интеллект йўналишида энг иқтидорли мутахассисларни аниқлаш, ёшларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш ҳамда илғор технологияларни банк ва аграр соҳада амалиётга татбиқ этишдан иборат бўлди. Мусобақа қисқа вақт ичида катта қизиқиш уйғотди. Аризалар қабул қилиш муддати якунига қадар 2 минг 500 дан ортиқ ариза келиб тушди ва улар асосида 1 минг 300 дан зиёд жамоа шакллантирилди. Ушбу кўрсаткичлар Ўзбекистонда АI соҳасига бўлган қизиқиш жадал суръатларда ортиб бораётганини, шунингдек, ёшлар орасида технологик билим ва ташаббусларга интилиш юқори эканини яққол намоён этди.

Саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтган 50 та энг яхши жамоа финалда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Финал босқичида қарийб 200 нафар иштирокчи сунъий интеллект, агротехнологиялар, финтеч ва банк хизматлари йўналишларида ўз лойиҳаларини тақдим этди.
Ҳар бир жамоага ҳакамлар ҳайъати томонидан олдиндан белгиланган реал бизнес муаммоларига асосланган вазифалар топширилди ҳамда иштирокчиларнинг қарорлари амалий аҳамият ва техник ижро нуқтаи назардан баҳоланди.

Мазкур ҳакатоннинг умумий соврин жамғармаси 500 миллион сўмни ташкил этди. Ғолиблар қуйидаги тартибда тақдирланди:
1-ўрин – 200 миллион сўм пул мукофоти,
2-ўрин – 150 миллион сўм пул мукофоти,
3-ўрин –100 миллион сўм пул мукофоти,
4–8-ўринлар учун – жами 50 миллион сўм, беш жамоа ўртасида 10 миллион сўмдан тақсимланди.

Бундан ташқари, мусобақа доирасида энг муносиб лойиҳаларни рағбатлантириш мақсадида 5 та махсус номинация жорий этилди. Булар: Best Project in AgroTech, Best Project in Fintech, Best Innovative AI Solution, Best Team, Best ESG Solution. Ҳар бир номинация ғолиби 10 миллион сўмдан пул мукофоти билан тақдирланди.

АI500! Ҳакатон каби мусобақалар ёш мутахассислар учун тажриба алмашиш, жамоавий ишлаш кўникмаларини ривожлантириш ҳамда сунъий интеллектни реал иқтисодий вазифаларга татбиқ этиш бўйича муҳим восита вазифасини бажаради. Шу билан бирга, “Агробанк” АТБ учун ҳам илғор ғояларни аниқлаш, истиқболли лойиҳаларни келгусида амалиётга жорий этиш имкониятини яратади.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
ЎзА