Аҳолига суюлтирилган газ етказиб беришда янги тизим ишга тушмоқда
Аҳолини суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш тизимининг барқарорлигини ошириш, суюлтирилган газ ресурсларидан самарали фойдаланиш, давлат томонидан кўрсатилаётган ижтимоий қўллаб-қувватлаш механизмларининг шаффофлиги ва манзиллилигини таъминлаш, давлат иштирокидаги корхоналар зиммасига юкланган квазифискал мажбуриятларни босқичма-босқич қисқартириш ҳамда мазкур соҳага бозор механизмларини жорий этиш учун ҳуқуқий ва институционал асосларни яратиш мақсадида аниқ чора-тадбирлар асосида иш олиб борилмоқда. Бу борада 2026 йил 12 сентябрда “Аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш тизимини ислоҳ қилиш ва бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Бугунги кунда Навоий вилоятида 107 минг 187 та суюлтирилган газ истеъмолчилари мавжуд бўлиб, уларнинг 107 минг 113 тасини аҳоли истеъмолчилари ташкил этади. Уларга маиший газ баллонларни ҳалол ва шаффоф етказиб бериш, коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Fаe ID тизими орқали хизмат кўрсатилади.
Эндиликда Президент қарорига асосан мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланишни йўлга қўйган ҳолда суюлтирилган газни аҳолига ўз вақтида етарли миқдорда бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш асосида етказиб бериш йўлга қўйилади. Бунинг учун “Ҳудудгазтаъминот” АЖ таъсисчилигида “LPG-Trade” МЧЖ ташкил қилинади.
Республика корхоналарида ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинадиган суюлтирилган газ (ўз шохобчаларида сотиладиган ҳажмлардан ташқари) фақат биржа савдолари орқали сотилади.
– Аҳолига суюлтирилган газ етказиб берадиган корхоналар маҳсулотни биржадан ва импортдан тўғридан тўғри харид қиладилар. Бунда “LPG-Trade” МЧЖ томонидан суюлтирилган газни импорт қилишга рухсат берилмайди, – дейди “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали суюлтирилган газ хизмати бошлиғи Дўстмурод Сувонов. – Натижада аҳоли эҳтиёжлари учун етказиб бериладиган суюлтирилган газ таъминоти тизимида ислоҳотларни амалга ошириш ва хусусий секторни жалб қилиш орқали соҳада рақобат муҳити босқичма-босқич шакллантирилади ҳамда кросс-субсидиялаш амалиёти босқичма-босқич бекор қилинади. Ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари давлат томонидан моддий жиҳатдан қўллаб-қувватланади.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 ноябрдан бошлаб “LPG-Trade” МЧЖ томонидан суюлтирилган газни биржа орқали сотиб олиб, аҳолига етказиб бериш тизими жорий қилинади. Бунда хусусий тадбиркорлик субъектлари импорт ҳисобидан ҳам аҳолига суюлтирилган газ етказиб беради.
Биржанинг алоҳида савдо майдончасидан харид қилинадиган суюлтирилган газ ҳажмлари аҳоли эҳтиёжлари учун етарли бўлмаган тақдирда “LPG-Trade” МЧЖ суюлтирилган газни биржанинг очиқ савдолари орқали харид қилади. Ижтимоий соҳа объектлари эҳтиёжлари учун суюлтирилган газ бозор тамойилларига асосан шаклланадиган биржа нархларида мазкур МЧЖ томонидан етказиб берилади.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири