Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, фуқаро муҳофазасини таъминлаш қоидалари тасдиқланди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, шунингдек, фуқаро муҳофазасини таъминлаш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, шунингдек, фуқаро муҳофазасини таъминлаш қоидалари тасдиқланди.
Қоидада қуйидаги талаблар кўрсатиб ўтилган:
аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишда республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ташкилотлар ҳамда фуқаролар учун қўйиладиган талаблар;
ўта муҳим, тоифаланган, ёнғин-портлаш ҳамда кимёвий хавфли ва бошқа иқтисодиёт объектлари, таълим ва даволаш-профилактика муассасалари, одамлар гавжум бўладиган жойлар учун белгиланган талаблар;
аҳолини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга ва фуқаро муҳофазаси соҳасида тайёрлашга оид қоидалар;
қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари учун талаблар;
фавқулодда вазият рўй бериш хавфи ёки фавқулодда вазият рўй бергани ҳақида хабар беришнинг автоматлаштирилган тизими бўйича талаблар;
хавфли гидрометеорологик ҳодисалар ва геологик ҳудудлар билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, радиацион, кимёвий ва тиббий-биологик муҳофазани ҳамда сейсмик хавфсизликни таьминлашга оид талаблар;
фавқулодда вазият содир бўлганда ҳаракат қилиш қоидалари.
Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш
ва фуқаро муҳофазасини таъминлаш қоидалари Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини ва ҳудудларни табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ва “Фуқаро муҳофазаси тўғрисида”ги қонунларига ҳамда соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва фуқаро муҳофазасини таъминлаш талабларини белгилайди.
Мазкур қарор уч ой ўтгач кучга киради.
ЎзА