Аҳоли сифатли ва барқарор ичимлик суви билан таъминланади
Тоза ичимлик суви инсон саломатлиги, аҳоли фаровонлиги ва ҳудудлар барқарор ривожланишининг энг муҳим омилларидан ҳисобланади. Шу боис, кейинги йилларда мамлакатимизда аҳолининг ичимлик сувга бўлган эҳтиёжини тўла қондириш, сув таъминоти инфратузилмасини янгилаш ва замонавий тизимларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Андижон вилоятида ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда.
Сўнгги ўн йилда вилоятда ичимлик суви тизимини ривожлантириш учун жами 1 триллион 77 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Ана шу маблағлар ҳисобидан 5 минг 800 километр ичимлик сув тармоғи барпо этилди ва реконструкция қилинди. Шунингдек, 87 та ичимлик суви иншооти, 23 та оқова сув иншооти ҳамда 1 минг 218 та сув қудуғи қурилди. Аввал айрим маҳаллаларда сув навбат билан берилган ёки аҳоли узоқ масофадан сув ташишга мажбур бўлган бўлса, бугун кўплаб хонадонларга ичимлик суви етиб борган. Натижада вилоятда ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 67 фоиздан 92,4 фоизга етди.
Бу натижа аҳоли саломатлигига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, сифатли ичимлик суви билан таъминланган ҳудудларда санитария-гигиена шароитлари яхшиланиб, сув орқали юқадиган касалликларнинг олди олинмоқда. Демак, сув инфратузилмасига киритилган инвестиция нафақат қурилиш, балки инсон саломатлигига қаратилган сармоядир.
Жорий йилда ҳам бу борадаги ишлар изчил давом этмоқда. Давлат дастурлари доирасида 105 километр янги ичимлик сув тармоғи, 17 километр оқова сув тармоғи қуриш ҳамда 6 та янги ичимлик сув иншооти барпо этиш режалаштирилган. Бугунги кунга қадар режалаштирилган тармоқларнинг 48 километри қуриб битказилди ва қолган объектларда қурилиш-монтаж ишлари давом этмоқда.


Асосан сув муаммоси кўпроқ кузатиладиган ҳудудларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, “Оғир маҳалла” дастури доирасида вилоят бўйича 23 та объект қамраб олинган. Ана шу объектларда қиймати 13,5 миллиард сўм бўлган лойиҳалар асосида битта ичимлик сув иншооти реконструкция қилиниши, 6 та янги қудуқ қазилиши, 5 та мавжуд қудуқ янгиланиши, шунингдек, 29 километр ичимлик сув ва 2 километр оқова сув тармоғи қурилиши режалаштирилган. Бу ишлар натижасида сув таъминотида узилишлар кузатиладиган маҳаллалардаги муаммолар бартараф этилади.
“Янги Ўзбекистон қиёфаси” дастури доирасида эса 20 та объектда ишлар олиб борилмоқда. Умумий қиймати 13,6 миллиард сўмни ташкил этадиган лойиҳалар доирасида битта янги сув иншооти, 5 та янги қудуқ, 10 та мавжуд қудуқ реконструкцияси ҳамда 32,1 километр янги ичимлик сув тармоғи қурилиши белгиланган. Бу дастур янги турар жойлар ва ривожланаётган маҳаллаларда муҳандислик-коммуникация тармоқларини замонавий талаблар асосида шакллантиришга қаратилган.
Йирик инфратузилма объектларида эса Инвестиция дастури асосида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу дастур доирасида қиймати 73,7 миллиард сўм бўлган 5 та объектда қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Бу орқали 5 та ичимлик сув иншооти реконструкция қилиниши, 44 километр ичимлик сув тармоғи, 15 километр оқова сув тармоғи ҳамда 1 та оқова сув тозалаш иншооти қурилиши кўзда тутилган. Ушбу лойиҳалар вилоятда сув таъминоти билан бирга оқова сув тизимини ҳам босқичма-босқич такомиллаштириш имконини беради. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг инвестиция дастурига оид қарори асосида Асака тумани Чек маҳалласидаги “Асака сити” кўп қаватли уйлари учун 2 минг куб метр ҳажмли ичимлик сув сақлаш резервуари ҳамда 3,2 километр оқова сув тармоғи қурилиши тўлиқ якунланди.
Вилоятнинг сув таъминоти нисбатан оғир бўлган туманларида ҳам алоҳида ишлар режалаштирилган. Пахтаобод, Бўстон ва Улуғнор туманларини қамраб олган “Оғир туман” дастури бўйича 6 та объект шакллантирилган. Уларда 3,6 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 9 километр ичимлик сув тармоғи ва 3 та янги сув қудуғи қурилиши режалаштирилган.
Шаҳрихон тумани Янги Ваҳим маҳалласида эса “Жадал” дастури доирасида қиймати 4,2 миллиард сўм бўлган лойиҳа амалга оширилмоқда. Унда 4,1 километр оқова сув тармоғини қуриш режалаштирилган бўлиб, бу маҳаллада экологик ва санитария ҳолатини яхшилашга хизмат қилади.


Сув таъминоти тизимидаги яна бир муҳим йўналиш сув ҳисоби тизимини рақамлаштиришдир. Жорий йилда вилоят бўйича 74 мингта замонавий сув ҳисоблагичини ўрнатиш вазифаси белгиланган. Йил бошидан бугунга қадар 46 минг 747 та ҳисоблагич ўрнатилиб, белгиланган режа 63 фоизи бажарилди. Таъкидлаш керакки, ўтган 2025 йилда 110 мингта сув ҳисоблагичи ўрнатилган эди.
Ҳисоблагичлар билан таъминланганлик даражаси йил бошида 77 фоизни ташкил этди, бу кўрсатгич ўтган йилга нисбатан 7 фоизга юқори. Йил якунига қадар ҳисоблагичлар билан таъминланиш даражасини 80 фоизга етказиш режалаштирилган. Бу эса сув сарфини аниқ ҳисобга олиш, исрофни камайтириш ва коммунал хизматлар самарадорлигини оширишда муҳим қадам бўлади.
Албатта, ичимлик суви билан таъминлаш фақат қувур тортиш ёки қудуқ қазиш билан чекланмайди. Бу аҳолининг турмуш сифати, санитария ҳолати, соғлиқни сақлаш ва ҳудудларнинг инвестициявий жозибадорлигига хизмат қиладиган муҳим инфратузилма ҳисобланади. Вилоятда бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар нафақат бугунги эҳтиёжни қондириш, балки келгуси йилларда ҳам аҳолини сифатли ва барқарор ичимлик суви билан таъминлаш учун мустаҳкам замин яратади.
Дилшодбек Қўлдошев,
“Андижон сув таъминоти” АЖ директори.
ЎзА