Аҳоли фаровонлиги ва хавфсизлиги учун
Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг асосий мақсади инсон қадрини улуғлаш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш ва ҳаёт сифатини янада яхшилашга қаратилган.
Айниқса, табиий газ таъминоти тизимини модернизация қилиш аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш ва куз-қиш мавсумини барқарор ўтказишга хизмат қилади.
Навоий шаҳрида ҳам бу борада изчил ишлар олиб борилмоқда. Ҳудудда қарийб 59 мингта табиий газ истеъмолчиси мавжуд бўлиб, уларга газни хавфсиз ва бир маромда етказиб бериш мақсадида “Навоийшаҳаргаз” газ таъминоти бўлими томонидан мавжуд тармоқларни янгилаш ва техник ҳолатини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

– Бугунги кунга қадар шаҳарда 1,7 километр газ қувури реконструкция қилинди. 23 километр газ қувури эстетик ва техник жиҳатдан тартибга келтирилди, – дейди газ таъминоти бўлими ходими Соҳиб Аслонов. – Шунингдек, газ тақсимлаш қурилмаларини жорий таъмирлаш, тармоқларни босим остида зичликка синаш, ҳаво босими ёрдамида тозалаш каби ишлар ҳам белгиланган режа асосида бажарилмоқда. Албатта, газ тармоқларининг янгиланиши, биринчи навбатда, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, авариявий ҳолатларнинг олдини олиш ва истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатишга қаратилган.

Айни пайтда шаҳарнинг Бинокор маҳалласида 1 126 та табиий газ истеъмолчиси истиқомат қилади. Бу ерда қарийб 550 метр узунликдаги, диаметри 57 миллиметр бўлган ер ости газ қувурлари ер устига чиқарилиб, реконструкция қилинмоқда. Эскирган ва яроқсиз ҳолга келган қувурлар замонавий тармоқларга алмаштирилиб, газ сизиб чиқиши билан боғлиқ хавфларни камайтиришга ҳаракат қилинмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири