Аҳмад ал-Фарғоний номидаги халқаро физика олимпиадаси Самарқандда ўтади
Шу йилнинг 10-17 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида II Аҳмад ал-Фарғоний номидаги халқаро физика олимпиадаси бўлиб ўтади.
Нуфузли халқаро илмий мусобақада дунёнинг 15 мамлакатидан келадиган 200 нафарга яқин иқтидорли ёш ҳамда Ўзбекистондан физика фанига қизиқувчи 100 нафарга яқин ўқувчи иштирок этиши кутилмоқда. Олимпиада доирасида иштирокчилар назарий ва амалий билимларини синовдан ўтказиш, ўз салоҳиятларини намоён этиш ҳамда халқаро миқёсда тажриба алмашиш имкониятига эга бўлади.
Ташкилотчиларнинг маълум қилишича, мазкур халқаро олимпиада ёшларнинг физика фанига бўлган қизиқишини ошириш, уларнинг илмий салоҳияти ва мантиқий фикрлаш қобилиятини намоён этиш, шунингдек, турли мамлакатлар ёшлари ўртасида илмий ҳамкорлик ва дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилмоқда.
Олимпиада илк бор 2021 йилнинг 8-13 ноябрь кунлари Фарғона шаҳрида ўтказилган ва унда 15 дан ортиқ давлатдан юзлаб ўқувчилар оффлайн ва онлайн тарзда иштирок этган.
Аҳмад ал-Фарғоний номи билан аталган ушбу халқаро мусобақа буюк аждодимизнинг бой илмий меросини кенг тарғиб этиш, ёш авлодни илм-маърифатга рағбатлантириш ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро илмий-маърифий ҳамкорликдаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Айни пайтда олимпиада иштирокчилари Самарқандга келмоқда.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири