Афв – бағрикенглик ва инсопарварлик намунаси
Инсон дунёга келар экан, ҳаётнинг пасту баланд, ўнқир-чўнқир йўлларига дучор бўлади. Гоҳида қандай яшаш ўзимизга боғлиқ дейилади, аммо билиб-билмасдан хатога ҳам йўл қўйилади.
Наманган шаҳрида истиқомат қилувчи, 1997 йилда туғилган Назира Акбаржонова ҳам рашк ва жаҳл устида ҳуқуқбузарликка йўл қўйиб, Жиноят кодексининг 244-моддаси тегишли қисмида кўрсатилган жиноятни содир этгани сабабли бундан икки йил аввал жавобгарликка тортилиб, беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Рамазон ҳайити ва Наврўз байрами муносабати билан Президентимизнинг 2026 йил 17 мартдаги “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонига асосан Назира каби йўлдан адашган, қилмиши оқибатини ўйламасдан жиноят йўлига кириб, чин кўнгилдан пушаймон бўлган наманганлик 30 нафар шахс учун ғамхўрлик ва имкониятларни тақдим этди.

Қўшалоқ байрамларни яқинлари бағрида кутиб олган Назира Акбаржонованинг “Учқун” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги яшаш хонадонида Наманган шаҳар ҳокимлиги, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вакиллари ва ҳудуд ички ишлар профилактика инспектори иштирокида маърифий-маънавий суҳбат ўтказилди. Хонадонга ҳомийлар томонидан ажратилган эсдалик совғалари тақдим қилинди. Жазодан қайтган аёлга давлат томонидан барча ижтимоий ёрдам кўрсатиладиган бўлди. У эндиликда ўз уйида қандолатчилик билан шуғулланиб, ҳалол меҳнат қилиб, оиласи ва жамият олдида юзини ёруғ қилишга ваъда берди.
– Давлатимиз раҳбарининг миллатимизга хос инсонпарварлик ва бағрикенглик ғоялари сингдирилган мазкур ҳужжатига кўра, вилоятимиздан афв қўлланган маҳкумлардан 14 нафари жазони ижро этиш муассасасидан бўшатилди, – дейди Наманган вилояти ИИБ жамоат хавфсизлиги хизмати пробация бошқармаси катта инспектори, майор Аброр Жабборов. – Саккиз нафар шахсга қўлланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси бирдан икки қисмига қисқартирилди ҳамда саккиз нафари пробация ҳисобида жазо ўташдан озод этилди. Афв этилганлардан 17 нафари профилактик ҳисобга ва беш нафари пробация ҳисобига олинди.

Янги таҳрирдаги Конституциямизда Ўзбекистон ижтимоий давлат сифатида белгиланган. Шу нуқтаи назардан ҳам мамлакатимизда аҳолини кучли ижтимоий ҳимоя қилишга алоҳида аҳамият қаратилади. Фармонга асосан жазони ижро этиш муассасаларидан бўшатилган 14 кишининг ҳар бирига Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя агентлиги қошидаги “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан бир марталик моддий ёрдам пуллари берилди. Эҳтиёжманд тоифадаги икки кишига ҳомийлар ва ҳокимликлар томонидан озиқ-овқат махсулотлари тақдим қилинди. Шунингдек, улар ҳудудий соғлиқни сақлаш муассасаларида чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, уч нафари соғлигини тиклаш мақсадида бепул даволатилди.
Вилоят ички ишлар органлари саъй-ҳаракати билан фуқаролик паспортига эга бўлмаган олти нафар шахсга Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тасдиқловчи “ID” карталар расмийлаштириб берилди.
Бандлик ва камбағалликни қисқартириш бўлими, “маҳалла еттилиги” ҳамкорлигида афв этилган шахслар иш билан таъминланди, шундан икки нафарига тадбиркорлик фаолиятини бошлашига яқиндан кўмаклашилди.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда инсон ва унинг қадри юксалаётгани, бахтли ва фаровон яшаши учун шарт-шароитлар яратилаётгани, айниқса, йўлдан адашганларнинг ҳаётини ўнглаш борасида салмоқли ишлар қилинаётгани эътирофга молик.
Бугун мусаффо ҳаводан баҳра олаётган, фарзандлари таълим-тарбиясига қайғуриш имкониятига эга бўлаётган, тузалишга жиддий аҳд қилган ҳамюртларимизнинг борар манзили эндиликда янада мунаввар бўлиши шубҳасиз.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА