Афғонистонга навбатдаги беғараз ёрдам етказилди
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг топшириқларига мувофиқ халқимизнинг бағрикенглик, қўллаб-қувватлаш ва ўзаро дўстлик рамзи сифатида Қурбон ҳайити муносабати билан ҳамда Афғонистоннинг сел-сув тошқинларидан жабр кўрган аҳолисига кўмак бериш мақсадида 200 тоннага яқин озиқ-овқат маҳсулоти ортилган навбатдаги инсонпарварлик ёрдами юклари Балх вилоятига етказиб берилди.
Инсонпарварлик юклари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Иргашев, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, Балх вилояти губернаторининг ўринбосари Нурулҳоди Абуидрис ва икки томон расмийлари иштирокида қўшни мамлакатнинг Ҳайратон шаҳридаги “Астрас” компанияси ҳудудида топширилди.

Беғараз ёрдам таркибидан кундалик эҳтиёж учун зарур ун, гуруч, шакар, макарон, қандолат маҳсулотлари, ўсимлик ёғи, нўхат, тез тайёрланадиган озиқ-овқат маҳсулотлари ўрин олган.


Афғонистон расмийлари Ўзбекистон Президенти ва халқига кўрсатаётган инсонпарварлик ёрдами учун чуқур миннатдорлик билдириб, Қурбон ҳайити муносабати билан самимий табрикларини йўллашди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири