Афғонистондаги кучли сув тошқини ўнлаб одамнинг ёстиғини қуритди
Афғонистон шимоли-шарқида жойлашган Нуристон вилоятида шиддатли ёғингарчилик ортидан юзага келган сув тошқини камида 20 кишининг бевақт вафот этишига олиб келди.
Табиий офатларни бошқариш миллий бошқармаси тақдим этган дастлабки маълумотга кўра, ҳодиса оқибатида 80 нафар фуқаро турли даражада жароҳат олган, 100 дан зиёд одам бедарак, деб ҳисобланмоқда. Қутқарув тадбирлари изчил давом эттирилаётгани сабабли қурбонлар ва жабрланганлар сони ортиши мумкин.
Айниқса Покистон билан чегарага яқин ҳудудда жойлашган Парун шаҳри офатдан энг кўп талафот кўрди. Бу манзилда фаол қидирув-қутқарув амaлиёти олиб бориляпти. Метеорология бошқармаси қатор ҳудудларда яна кутилаётган кучли ёмғир, момақалдироқ ва чанг бўрони қайта сув тошқинини келтириб чиқариши мумкинлигидан огоҳлантирди. Мутасаддилар аҳолини дарё қирғоғи ва хавфли ҳудуддан йироқ бўлиш, масъул хизматлар кўрсатмасига қатъий риоя қилишга чақирмоқда.
Соҳа мутахассислари табиий офатлар тез-тез такрорланишини глобал иқлим ўзгариши ҳамда йиллар давомида дарахтлар беаёв кесилиши оқибатида тупроқнинг сувни шимиш хусусияти заифлашгани билан изоҳламоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА