Қаерда парвоз хавфсиз, хизматлар сифатли бўлса, ишончли таклифлар географияси ҳам кенгайиб бораверади
COVID-19 пандемиясининг салбий таъсиридан нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё авиация саноати зарар кўрди.
COVID-19 пандемиясининг салбий таъсиридан нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё авиация саноати зарар кўрди. У туфайли халқаро ва маҳаллий йўловчи ташиш жараёнлари қисман тўхтади, сайёҳлар ва инвестициялар оқими кескин қисқарди. Бироқ, коронавирусга қарши чораларни қўллаш, кураш даври ҳар соҳада сабоқ учун етарлича фурсат бўлганини ҳам тан олишимиз керак.
Юртимиздаги халқаро аэропортларда бугунги кунда хориждан фуқароларимизни ташиш бўйича чартер рейсларнинг ташкил қилинаётгани, айниқса, бешинчи осмон режимида еттинчи ҳаво эркинлиги мақомида фаолият олиб бораётган аэропортларда юк, почталарнинг узлуксиз ташилаётгани, экспорт-импорт жараёнларининг куну тун хавфсиз ва сифатли хизмат эвазига амалга оширилаётгани ана шундай қийин вазиятда қўлланилаётган самарали тадбирлар сирасига киради.
Сир эмас, кейинги ўн йилликларда авиация соҳасида ислоҳотлар деярли кузатилмади. Тизимли муаммолар тўпланди. Соҳа ривожига етарли даражада эътибор қаратилмагани ва рақобат муҳитининг мавжуд эмаслиги тизимнинг монополия тамойиллари асосида ривожланишига шароит яратиб берди. Инсон омилини назарда тутувчи таърифлар, нархлар, хизматлар деярли тақдим этилмади. Авиация бозорини либераллаштириш, парвозлар географиясини кенгайтириш, соҳага замонавий бошқарув усулларини жорий этиш ва йўловчиларга кўрсатилаётган хизматларни замон талаблари даражасига кўтариш бўйича мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар тизимни ривожлантириш, навбатдаги янгиланиш сари илк қадам бўлди, дейиш мумкин. Соҳада рақобат муҳитини яратиш бўйича ишлаб чиқилган, ҳаётга татбиқ этилган ҳаракатлар режаси натижасида республикамизга қатновларни амалга оширувчи хорижий авиакомпаниялар сони 15 тадан (2017 йилда) 23 тага (2019 йилда) ортди. 2019 йилнинг октябрь ойида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК қайта ташкил этилиб, мустақил - “Uzbekistan Airways” ва “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамиятларига айлантирилгани ҳам соҳани ислоҳ қилишдан далолат беради.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жорий йил 25 май куни транспорт соҳасининг барқарор ишлашини таъминлаш ва изчил ривожлантириш масалалари бўйича ўтказган йиғилишида бу борада батафсил тўхталиб, маҳаллий аэропортларни модернизация қилиш, Андижон, Бухоро, Урганч ва Қарши халқаро аэропортлари фаолиятини давлат-хусусий шериклик асосида ривожлантириш бўйича алоҳида кўрсатмалар берди. Эпидемиологик вазият барқарорлашгунча акциядорлик жамиятининг кредит тўловлари муддати узайтирилди, зарур солиқ имтиёзлари тақдим этилди, фоизсиз ссудалар ҳам ажратилди. “Uzbekistan Аirports” АЖ тизимида аэропортларни давлат-хусусий шериклик асосида ривожлантириш ишлари бўйича айни вақтда таклифлар шакллантирилмоқда.
Инвестиция лойиҳалари ижросига кўра, Самарқанд халқаро аэропортида пандемия шароитида карантин қоидалари ҳисобга олиниб, ҳудудда соатига 600дан 1200 нафар йўловчига хизмат кўрсата оладиган янги аэровокзал мажмуаси қад кўтармоқда. Жараённинг бошланганига ҳадемай бир йил тўлади. 22 та ҳаво кемалари учун янги тўхташ, учиш-қўниш йўлаги барпо этиляпти. Лойиҳанинг қиймати 62 миллион долларга тенг бўлиб, унинг афзаллиги шундаки, аэропорт барча турдаги самолётларни ҳеч қандай чекловларсиз қабул қилиш имконига эга бўлади.
Қиёфаси бутунлай ўзгарадиган Самарқанд халқаро аэропортида шунингдек ертўлага эга уч қаватли иншоот ҳам қурилмоқдаки, дейди, Самарқанд халқаро аэропорти директори Муроджон Жамолов, унда йўловчиларни қабул қилиш, жўнатиш заллари, бошқа хизматлар баробарида замонавий Duty Free савдо дўконлари, VIP va CIP заллари ҳам мавжуд бўлади.
Аэропорт ташқарисида меҳмонларни кутиб олувчи ҳамда жўнатувчилар учун қулайлик яратиш мақсадида шу кунларда 730 та автомашина учун замонавий тўхтаб туриш жойларини бунёд этишга киришилган. Ушбу ҳаво дарвозасининг хизмат кўрсатиш имкониятлари кенгайиб, рейслар сонининг ортиб бориши табиийки, қўшимча техникаларга зарурат туғдиради. 2020-2021 йилларда аэропорт учун 42 та трап, телетраплар, йўловчи ташиш автобуслари, юк ташиш машиналарини сотиб олиш режалаштирилган.
Авиация бозорини янада либераллаштириш ва парвозлар географиясини кенгайтириш мақсадида ўтган йилнинг шу давридан Қарши, Нукус, Термиз ва Бухоро халқаро аэропортларида, ҳозирда эса Ўзбекистоннинг барча ҳудудий аэропортларида бешинчи даражадаги ҳаво эркинлигини қўллаган ҳолда, «Очиқ осмон» режими жорий этилди. Ҳозирги пандемия шароитида бутун дунёда авиақатновлар тўхтаган, сайёҳлик инқирозга юз тутган бир даврда «Очиқ осмон» режими орқали кўзланган натижаларга тўлалигича эришиш қийин албатта. Бу шундай имкониятлардан бири, Президентимизнинг «Туризм соҳасини санитария-эпидемиологик хавфсизликнинг кучайтирилган режими талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгиланганидек, хорижий авиакомпаниялар ҳаво қатнови ҳақидаги ҳукуматлараро битимнинг мавжудлигидан қатъи назар, «Очиқ осмон» режими жорий этилган халқаро аэропортларимизга доимий қатновларни амалга ошира олади. Аэропортларимизда рейслар сони ва йўналишлари бўйича чекловларни бекор қилишни мақсад қилган мазкур тартиб жорий йилнинг 1 августидан халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ жорий этилади.
Шунингдек, мамлакатимиздаги ҳудудий халқаро аэропортларга энг яхши номларни бериш бўйича оммавий танлов ўтказиш тартиб-таомилларига оид таклифлар ишлаб чиқилмоқда.
Яқинда “Uzbekistan Airports” АЖ раҳбариятининг Малайзия давлатидаги "MASkargo" юк авиакомпанияси билан ўтказган видеоконференция шаклидаги музокаралари самарали кечди. “Uzbekistan Airports” АЖ Бошқаруви раиси Равшан Исмоилов хорижлик шерикларни Ўзбекистонда фуқаро авиацияси соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, экспорт тизимидаги янгиликлар, имтиёзлар, 11 та халқаро аэропортларимизнинг техник имкониятлари, йўловчи, юк ташиш салоҳиятига оид маълумотлар билан батафсил таништирди. Ўзбекистондаги мультимодал логистика марказларини ривожлантириш жараёнлари, Марказий Осиё минтақасида жойлашган юртимиз аэропортларининг рақобатбардошлиги, айниқса, Навоий ва Термиз халқаро аэропортларида юк авиакомпаниялари учун жорий қилинган еттинчи ҳаво эркинлигига эга «Очиқ осмон» режими афзалликларига эътибор қаратган "MASkargo" авиакомпанияси вакиллари Навоий халқаро аэропортига ҳафталик юк рейсларини жорий қилиниши билан боғлиқ қўшимча тижорий масалаларни ўрганиш орқали ҳамкорлик ўрнатишини билдирди.
Ҳозирда Ўзбекистоннинг халқаро аэропортларига парвозларни амалга оширишни ташкил этиш юзасидан «Туркиш Эйрлайнс», «Исра Эйр», «Аэрофлот», «ИрАэро», «Сибир», «Якутия», «Скат» ва бошқа бир қатор хорижий авиакомпаниялар билан онлайн музокаралар олиб борилмоқда. Ушбу компаниялар келгусида бутун дунёда эпидемиологик вазият барқарорлашгач, Москва, Санкт-Петербург, Новосибирск, Иркутск, Красноярск, Олмаота, Нур-Султон, Ақтау йўналишлари бўйича «Очиқ осмон» режимида парвозларни амалга оширишни бошлашга тайёр эканлигини маълум қилди. Ҳозирда “Uzbekistan Аirports” АЖ раҳбарияти Исроил ва Туркияга парвозларни йўлга қўйиш бўйича ҳам ўзаро келишув жараёнларини давом эттиряпти.
Германиялик мутахассислар билан Тошкент аэропортининг ўтказувчанлик ҳолатини оптималлаштириш ва реконструкция қилиш юзасидан олиб борилаётган ҳамкорлик натижасида йилига 4 миллиондан 7 миллионгача йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти ортади.
Дунё амалиётидан маълумки, қаерда парвоз хавфсиз, хизматлар сифатли бўлса, ишончли таклифлар географияси ҳам кенгайиб бораверади. Шу маънода Термиз халқаро аэропортида янги учиш-қўниш йўлагининг қурилиши, Андижон аэропортининг қайта таъмирланиши барча турдаги ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш имкониятининг ортгани, авиақатновлар сонининг 2-3 бараварга кўпайиши билан муҳим аҳамият касб этади.
Белгиланган тадбирларни илғор хорижий тажрибага асосланган ҳолда сифатли бажариш, шаффофликни таъминлаш мақсадида Жаҳон Банки экспертлари жалб этилган бўлиб, улар мамлакатимиз авиация бозорини либераллаштириш ва соҳада замонавий бошқарув усулларини татбиқ этиш, соҳани ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқишда бевосита иштирок этишади.
Ҳозирда аэропортлар инфраструктураси, учиш-қўниш йўлаклари, йўловчи терминаллари ҳолати ва хизмат кўрсатиш стандартлари бўйича қатор йирик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Боиси, аэродромларда нечоғлик сифатли хизмат кўрсатиш таъминланган бўлса, шерик компаниялар ишончи мустаҳкамланиб, қизиқиши кучайиб бораверади. Биргина, учиш-қўниш йўлакларини қуришда жаҳон стандартларига хос қоидаларга қатъий амал қилинади. 7 қават махсус қоришмалар орасига темир панжаралари билан ётқизилган бетон ҳар қандай оғирлик ва катталикдаги самолётларни қабул қила олади.
Андижон халқаро аэропорти мисолида айтадиган бўлсак, бу ерда ички имкониятлардан келиб чиқиб, учиш-қўниш йўлагидаги носоз темир-бетон плиталарни янгилари (ПАГ-14)га алмаштириш ишлари сифатли бажариляпти. Узунлиги 6 метр, эни 2 метр, баландлиги 14 см бўлган бу плиталарни жойидан қўзғатиш, алмаштириш, ташиш учун табиийки махсус техникадан фойдаланилади. Аэропортдаги мавжуд автокранлар, махсус техникалар ишчи-хизматчиларга яқиндан кўмакчи вазифасини ўтаяпти. Ҳозиргача темир-бетон плиталарнинг 35 таси алмаштирилди, 100дан зиёди таъмирланди. Шунингдек, эски герметик материалнинг чокларини тозалаш ва янгисини тўлдириш, юзасини текислаш ишлари ҳам жадал олиб борилмоқда. Танаффуслардан кейинги муваффақият мақтангулик, мазкур ҳаво дарвозаси яқинда А 320 русумли ҳаво кемасини қабул қилди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 21 май куни мазкур иншоотга қилган ташрифлари ва ташаббуслари натижаси ўлароқ, «очиқ осмон» режимида фаолиятини бошлашга, мунтазам парвозларни йўлга қўйишга яхши ниятлар билан тайёргарлик кўраётган Андижон халқаро аэропортига Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи берилди.
“Самолётларнинг учиш-қўниш йўлакларида ҳар ойда бир маротаба режали текширувлар ўтказилади. Куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳам куннинг асосий масаласи. Бу борада “Uzbekistan Аirports” АЖнинг қўллаб-қувватлаши, айниқса, учиш-қўниш йўлаги ҳолатини яхшилаш юзасидан бераётган кўрсатмалари ишнинг сифатли бажарилишига замин бўляпти, дейди Аэродром хизмати бошлиғи Муҳаммадраим Йўлдошев.
Бу мамлакатимиз фуқаро авиациясини ислоҳ қилиш бўйича ишларнинг биринчи босқичи холос. Мазкур соҳада бошланган ислоҳотлар тизимли равишда давом эттирилмоқда. Умид қиламизки, пандемия таъсиридаги вазиятга қарамай, 2020 йил мамлакатимиз авиация соҳасида, Ўзбекистон аэропортлари тарихида замонавий тараққиётнинг ўзига хос формуласини яратгани билан туб бурилишлар йили бўлиб қолади.






Лаълихон Собирова,
“Uzbekistan Аirports” АЖ Матбуот котиби