Адолатли пенсия ва нафақа таъминоти
Мамлакатимизда кексаларга ҳурмат-эҳтиром, меҳр-оқибат кўрсатиш, уларнинг дуосини олиш яхши анъанага айланган.
Мамлакатимизда кексаларга ҳурмат-эҳтиром, меҳр-оқибат кўрсатиш, уларнинг дуосини олиш яхши анъанага айланган. Ёши улуғ нуронийларимиз доимо давлатимиз ардоғида. Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳам пенсия ва нафақа олувчиларнинг ижтимоий таъминотини яхшилаш, уларга муносиб турмуш шароитини яратишга алоҳида эътибор қаратиб келади.
2019 йил 1 август ҳолатига кўра, мамлакатимизда пенсия ва нафақа олувчилар 3 миллион 608 минг 988 нафарни ташкил этди. Улардан 3 миллион 259 минг 185 фуқаро пенсия ва 349 минг 803 фуқаро ижтимоий нафақа олади. Пенсия ва нафақалар таъминотини янада яхшилаш, ҳужжатларни оптималлаштириш, адолатли пенсия ва нафақа тайинланиш тизимини йўлга қўйиш, аҳолига кўрсатилаётган интерактив хизматлар сифатини ислоҳ қилиш фуқароларимизнинг ижтимоий таъминотини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
– Пенсия ва нафақаларни тайинлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиши тизим ривожига хизмат қилмоқда, – дейди Пенсия жамғармаси Пенсия ҳисоблаш услубиётини мувофиқлаштириш ва фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўлими бошлиғи ўринбосари Ф.Сулаймонов. – Аввало, Президентимизнинг 2018 йил 12 декабрдаги “Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш ва пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ўртача иш ҳақининг энг юқори миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг саккиз баробаридан ўн баробарига оширилганини айтиш мумкин. Натижада 2019 йил 1 январдан 519 мингдан ортиқ фуқароларнинг пенсия миқдори қайта ҳисобланди.
Шунингдек, соҳага тегишли қонун ҳужжатларига мувофиқ ногирон фарзанди бор оналарга 55 ёшда, зарур иш стажига эга бўлмаса ҳам нафақа тайинлаш ҳуқуқи берилди. Бугунги кунга қадар нафақанинг мазкур тури 1 минг 458 фуқарога тайинланди.
Пенсия ва нафақалар тўлови ҳар ойнинг 27 санасига қадар молиялаштирилмоқда. Пенсия жамғармаси Маблағларни бошқариш ва пенсия, нафақалар тўловини мониторинг қилиш бўлими бошлиғи ўринбосари Т.Қосимовнинг таькидлашича, 2019 йилда пенсия ва нафақа олувчиларга бир қатор имкониятлар яратилди. Хусусан, жамғарма томонидан шу йил 1 январь ҳолатига пенсияларни тўғри тўлаш бўйича текширишлар натижасида аниқланган, фуқароларга ортиқча тўланган пенсия суммаси қолдиқлари ҳисобдан чиқарилди.
Президентимизнинг тегишли фармонига асосан жорий йил 1 январдан барча ишловчи пенсионерларга пенсия пули 100 фоиз миқдорда тўланадиган бўлди. Ҳозирда 41 минг пенсионер шу тартибда ишлаб келмоқда.
Аҳолига интерактив хизматлар кўрсатиш мақсадида “SMS-Pensiya” тизими йўлга қўйилган. Бугун мазкур хизматдан фойдаланувчилар сони 2 миллион 340 мингга яқинни ташкил қилмоқда.
– Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий қатламини қўллаб-қувватлаш, айниқса, ногирон фарзандни тарбиялаётган оилаларга алоҳида эътибор қаратилаётгани барчамизни қувонтиради, – дейди пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида яшовчи Зуҳра Тошпўлатова. – Менга 2019 йил апрель ойидан ногирон фарзандни тарбиялаётган оналар учун бериладиган нафақа тайинланди. Нафақа пули ҳар ойда уйимизга ўз вақтида етказиб берилмоқда. Авваллари фарзандимга дори-дармон олишга имкониятим етмаган пайтлар ҳам бўлар эди. Бундай ғамхўрлик ва эътибор туфайли қийинчилигимиз унут бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари фуқаролар билан очиқ мулоқотлар ўтказиш, тизимдаги муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида сайёр қабуллар ўтказмоқда. Юридик ҳамда жисмоний шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ҳамда тегишли тартибда кўриб чиқиш бўйича жамғарманинг “1140” қисқа рақамли “ишонч телефони“ хизмати йўлга қўйилган. Аҳолига кўрсатилаётган хизматларнинг адолатли йўлга қўйилганини назорат қилиш, коррупция ҳолатларининг олдини олиш мақсадида “Сирли мижоз” хизмати ишлаб турибди.
Бу саъй-ҳаракатлар фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш ва пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.