Адолат ва тинчлик тимсоли
Давлат байроғи – миллий ғуруримиз, ифтихоримиз, тарих ва келажакни ўзида мужассам этган бетакрор тимсол. Унинг фаровон юртимиз узра мунтазам ҳилпираб туриши истиқлолимиз абадийлигидан, юрт озодлигию ободлигидан дарак.
Бу йил Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганига 34 йил тўлди. Ушбу сана юртимизда катта шодиёна ва кўтаринки кайфиятда нишонланмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида “Азиз Ватан рамзи – муқаддас байроғимиз” мавзусида маънавий-маърифий давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда давлат рамзларининг миллий ўзликни англашдаги ўрни, жамиятда сиёсий маданиятни юксалтириш ҳамда ёш авлод қалбида ватанпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлашдаги аҳамияти ҳақида сўз борди.
Тадбирда “Адолат” СДП Сиёсий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Абдукамол Раҳмонов ва раис ўринбосари Озода Парпибоева байроғимиз шунчаки давлат белгиси эмас, балки у тинчлик, барқарорлик, адолат ва янгиланаётган Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятидаги нуфузини ифодаловчи муқаддас рамз эканини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Валижон Садиев сўзга чиқиб, йиғилганларни ушбу тарихий сана билан самимий қутлади. У ўз сўзида глобаллашув даврида ёшларда мафкуравий иммунитетни шакллантиришда, аввало, уларнинг қалбида миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини юксалтириш лозимлигини қайд этди.
Давра суҳбати давомида Ватан рамзларининг тарихи ва мазмун-моҳиятига бағишланган маърузалар тингланди. Байроғимизнинг сиёсий-ҳуқуқий мақоми, унинг халқаро майдондаги ўрни ва қонунчиликдаги ҳимояси юзасидан атрофлича маълумотлар берилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА