Адлия тизимида очиқлик ва самарадорлик
Бухоро вилояти адлия бошқармаси томонидан жорий йилнинг биринчи чорагида амалга оширилган ишлар, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, давлат хизматлари кўрсатиш ва қонун устуворлигини таъминлаш борасидаги фаолият юзасидан матбуот анжумани ўтказилди. Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари, соҳa мутахассислари ҳамда жамоатчилик иштирок этди.
Матбуот анжуманида адлия органлари томонидан қонунчилик ижросини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, мурожаатларни тезкор ва самарали ҳал этиш, ҳуқуқий хизматлар сифатини ошириш ҳамда рақамлаштириш жараёнларини кенг жорий этиш борасида амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилинди.
Таъкидланганидек, қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқий экспертиза соҳасида ҳисобот даврида амалдаги қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган 59 та таклиф ишлаб чиқилди. Шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш бўйича 50 та ҳужжат тақдим қилиниб, уларнинг 35 таси белгиланган тартибда ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди.
Қайд этилганидек, фуқаролар билан очиқ мулоқотни кучайтириш, уларнинг муаммоларини жойига чиққан ҳолда ўрганиш ва тезкор ҳал этиш мақсадида ҳудудларда сайёр қабуллар мунтазам ташкил этилмоқда. Айниқса, маҳалла фуқаролар йиғинларининг “Онлайн маҳалла” электрон платформаси орқали юборилаётган мурожаатларини адлия органларининг электрон тизими орқали қабул қилиш, назоратга олиш ва қисқа муддатларда кўриб чиқиш амалиёти самарали натижа бераётгани таъкидланди.
Маълум қилинишича, 2026 йилнинг биринчи чораги давомида адлия органларига жами 1 184 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 989 таси кўриб чиқилиб, 603 та мурожаат қаноатлантирилган, 386 та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган. Бу рақамлар аҳоли билан мулоқот тизими тобора такомиллашаётганини кўрсатади.
Қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш мақсадида ташкилот ва муассасаларда ўтказилган 265 та назорат тадбири давомида 4 744 та қонун бузилиши ҳолати аниқланган. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини тиклаш мақсадида 131 та тақдимнома киритилган, 102 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган ва 151 та огоҳнома берилган.
Матбуот анжуманида давлат хизматлари соҳасида амалга оширилаётган рақамлаштириш жараёнлари ҳам алоҳида қайд этилди. Хусусан, жорий йилнинг биринчи чорагида жами 349 397 та давлат хизмати кўрсатилган бўлиб, уларнинг 191 061 таси онлайн шаклда амалга оширилган. Шу билан бирга, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида 10 мингдан ортиқ сайёр давлат хизматлари ҳам кўрсатилган.
[gallery-29270]
Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан 8 747 та туғилиш, 2 830 та никоҳ ва 655 та никоҳдан ажралиш ҳолатлари қайд этилган. Шунингдек, 8 218 та онлайн ФҲДЁ хизмати кўрсатилгани соҳада рақамли хизматлар улуши ортиб бораётганини англатади.
Ҳуқуқий ва юридик хизматлар йўналишида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда вилоятда 60 нафар хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус фаолият юритмоқда. Ҳисобот даврида 8 007 та нотариал ҳаракат онлайн шаклда амалга оширилгани фуқаролар учун вақт ва ортиқча оворагарчиликларни камайтиришга хизмат қилмоқда.
Матбуот анжумани якунида адлия органлари томонидан аҳолининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини янада ошириш, давлат хизматларини соддалаштириш ва сифатли ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш борасидаги ишлар келгусида ҳам изчил давом эттирилиши таъкидланди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.