Адаптив спортда замонавий таълим муҳитини яратиш устувор вазифа
Пойтахтимиздаги Ўзбекистон давлат спорт академиясида имконияти чекланган ёшларни спорт ва олий таълим тизимига жалб этиш, замонавий таълим муҳитини яратиш ҳамда адаптив жисмоний тарбия ва спортни янги босқичга олиб чиқиш борасидаги ислоҳотларга бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда махсус мактаб битирувчиларининг таълим олиши учун Ўзбекистон давлат спорт академиясида яратилаётган имкониятлар, уларнинг ўқув жараёнига мослашуви, адаптив спортни илмий асосда ривожлантириш, инклюзив таълимни такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги режалар хусусида маърузалар тақдим этилди.

Очиқ мулоқот руҳида ўтган тадбирда иштирок этган мамлакатимиздаги мавжуд махсус мактаб ва мактаб-интернатларнинг мутасаддилари маърузаларни катта қизиқиш ва эътибор билан тинглаб, ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олди.
Муҳокамалар давомида таълим тизими, адаптив спортни ривожлантириш, илмий ҳамкорлик, кадрлар тайёрлаш ҳамда махсус мактаб битирувчиларини олий таълимга йўналтириш масалалари бўйича таклифлар илгари сурилди.
Тадбир якунида ҳудудлардан келган мутахассислар учун “Олимпия шаҳарчаси” бўйлаб экскурсия ташкил этилди.

Шаҳарча ҳудудида жойлашган ўқув биноларидаги замонавий аудиториялар, фанлар кесимида махсус жиҳозланган тематик хоналар, машғулотлар ўтказишга мўлжалланган лабораториялар ҳамда яратилган замонавий иш шароитлари мутахассисларда илиқ таассурот қолдирди.
Шаҳарчадаги Ахборот-ресурс маркази жисмоний тарбия, спорт тиббиёти, педагогика, психология, адаптив спорт ва бошқа йўналишлар бўйича катта фондга эгалиги, услубий адабиётлар жамланганлиги, талабалар ҳамда тадқиқотчилар учун зарур имкониятлар яратилгани мамлакатимиз спорт салоҳияти юксалишига хизмат қилиши эътироф этилди.
Т. Рўзиев, ЎзА