Адабиёт — халқларни бирлаштирувчи кўприк
Бухорода VII Турк дунёсининг адабиёт ва китоб фестивалида муштарак маънавий мерос, ижодий ҳамкорлик ва янги авлод тафаккури сари муҳим қадам қўйилди.
Айрим тадбирлар борки, уларнинг аҳамияти ўтказилган жойи ёки иштирокчилари сони билан эмас, балки инсонлар қалбида уйғотган туйғулари, миллатлар ўртасида мустаҳкамлаган маънавий ришталари ва келажак учун очган имкониятлари билан ўлчанади. Адабиёт ва китоб байрамлари ана шундай улуғвор мақсадларга хизмат қилади. Зеро, адабиёт — халқнинг қалби, китоб — тафаккур хазинаси, сўз эса замонлар ва авлодларни бир-бирига боғловчи бебаҳо маънавий кўприкдир. Шу маънода, қадимий ва ҳамиша навқирон Бухоро заминида Ўзбекистонда илк бор VII Турк дунёси адабиёт ва китоб фестивалининг ташкил этилиши катта маънавий ва маданий аҳамиятга эга воқеа бўлди. Бухоро давлат педагогика институтида ўтказилган ушбу нуфузли халқаро анжуман туркий халқларнинг бой адабий меросини намоён этиш, муштарак тарих ва қадриятларни янада чуқурроқ англаш, ижодкорлар ҳамда ёшлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилгани билан эътиборлидир.
Фестивалда Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Венгрия ва Шимолий Кипр Турк Республикасидан ташриф буюрган меҳмонларнинг иштирок этиши тадбирнинг халқаро миқёсини янада кенгайтирди. Турли мамлакатлардан келган адиблар, шоирлар, олимлар, таълим ва маданият вакилларини бир майдонда жамлаган ушбу учрашув адабиётнинг чегара билмас қудратини яна бир бор намоён этди.


Бугун мамлакатимизда таълим ва тарбия сифатини ошириш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топтириш, китобхонлик маданиятини юксалтириш ҳамда бой тарихий-маънавий меросимизни дунёга кенг танитиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Давлат раҳбарининг маънавий тараққиётни юксалтириш, ёшлар маънавиятини мустаҳкамлаш, китобхонликни оммалаштириш ва Ўзбекистоннинг халқаро маданий алоқаларини кенгайтиришга қаратилган ташаббуслари бу борадаги ишларнинг мазмун-моҳиятини белгилаб бермоқда. Зеро, тараққиёт фақат иқтисодий кўрсаткичлар, янги иншоотлар ёки замонавий технологиялар билан эмас, балки жамиятнинг маънавий салоҳияти, инсонларнинг фикрлаш маданияти ва ёш авлоднинг интеллектуал имкониятлари билан ҳам ўлчанади.
Турк дунёси адабиёт ва китоб фестивали ана шу эзгу мақсадларга ҳамоҳанглиги билан аҳамиятлидир. Чунки китоб ўқиган, бадиий тафаккури ривожланган, ўз тарихи ва илдизларини англаган ёшгина эртанги куннинг билимли мутахассиси, мустақил фикрлайдиган фуқароси ва Ватан тақдирига дахлдор инсон бўлиб етишади.
Бундай халқаро тадбирларнинг таълим муассасаларида ўтказилиши эса алоҳида аҳамият касб этади. Зеро, олий таълим даргоҳлари фақат билим бериладиган маскан эмас, балки шахс камолоти, дунёқараш шаклланиши ва маънавий юксалиш учун муҳим муҳит ҳамдир.


Асрлар давомида илм-фан, адабиёт, санъат ва маърифат марказларидан бири бўлиб келган Бухоро бугун ҳам ўзининг ана шу тарихий мақомини янги мазмун билан бойитмоқда. Бу заминда буюк алломаларнинг илмий мероси, мутафаккирларнинг ҳикматлари, шоир ва адибларнинг бебаҳо асарлари авлодлар маънавиятини озиқлантириб келмоқда.
Шундай бой маънавий муҳитда туркий халқлар адабиётига бағишланган халқаро фестивалнинг ўтказилиши рамзий маъно касб этади. Чунки Бухоро тарихан турли халқлар, маданиятлар ва илм аҳли учрашган, фикрлар алмашилган, маърифат қадрланган маскан сифатида танилган.
Фестиваль очилиш маросимида Бухоро давлат педагогика институти ректори Баҳодир Маъмуpов сўзга чиқиб, тадбирнинг туркий халқлар ўртасидаги адабий-маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, муштарак тарих ва маънавий қадриятларни кенг тарғиб этишдаги аҳамиятини таъкидлади. Меҳмонларни самимий қутлаб, фестивалнинг ишига муваффақият тилади.
Дарҳақиқат, бугунги глобаллашув даврида халқларнинг ўзлигини англаши, миллий маданиятини асраб-авайлаши ва бошқа халқлар билан ўзаро ҳурматга асосланган муносабатларни ривожлантириши муҳим аҳамиятга эга. Адабиёт эса бу жараёнда энг таъсирчан воситалардан биридир. У инсонни фақат ўйлашга эмас, балки ўзгаларни тушунишга, бошқа халқнинг дарду қувончини ҳис этишга ҳам ўргатади.
Фестиваль доирасидаги маърузалар ва фикр алмашувларида туркий халқлар адабиётининг ўзига хос жиҳатлари, ижодий алоқаларни ривожлантириш, умумий адабий меросни асраб-авайлаш ва келажак авлодларга етказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Халқаро туркий муаллифлар иттифоқи раиси, Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси матбуот котиби, шоир Хаял Рза, Бухоро давлат университети ректори, профессор Обиджон Ҳамидов, Халқаро туркий муаллифлар иттифоқи вакили, туркиялик ёзувчи ва шоир Маҳмут Ўзкожа ҳамда халқаро ташкилот координатори Айтен Қурбонова ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифлари билан иштирок этдилар. Шунингдек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Бухоро вилояти бўлими раҳбари Шодмон Сулаймон ва “Қоровулбозор тонги” газетаси муҳаррири Баҳром Солиевнинг чиқишлари маҳаллий адабий муҳит ва миллий матбуотнинг маънавий ҳаётдаги ўрнини ёритишга хизмат қилди.


Мазкур мулоқотлар бир ҳақиқатни тасдиқлайди: халқларнинг тили ва адабий анъаналарида ўзига хослик мавжуд бўлса-да, уларни эзгулик, муҳаббат, инсон қадри, адолат ва ватанпарварлик каби муштарак туйғулар бирлаштиради.
Туркий халқларнинг оғзаки ижоди, достонлари, мақоллари, қўшиқлари ва ёзма адабиётидаги умумий жиҳатлар бу халқларнинг тарихий яқинлигини намоён этади. Ушбу меросни ўрганиш эса ўтмишни эслаш билангина чекланмайди. Бу — бугунги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, келажак учун янги адабий лойиҳалар яратиш, асарларни таржима қилиш ва ёш ижодкорларга халқаро майдонга чиқиш имкониятларини кенгайтириш демакдир. Айнан шу нуқтаи назардан қаралганда, фестиваль фақат тантанали тадбир эмас, балки туркий дунёда адабий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қодир бўлган муҳим мулоқот майдонидир.
Фестивалнинг энг таъсирчан лаҳзалари институтнинг “Ёшлар боғи”да ташкил этилган шеърият кечасида намоён бўлди. Унда Тиллар факультети талабалари, профессор-ўқитувчилар, шеърият ихлосмандлари ва халқаро меҳмонлар фаол иштирок этишди.
Даврага шеър оҳанги, самимий туйғулар ва ижодий руҳ ҳукмрон бўлди. Иштирокчилар ўзларига манзур бўлган шеърлар ва адабий намуналарни ифодали ўқиб, сўз санъатининг инсон қалбига таъсирини намоён этдилар. Айниқса, талаба-ёшларнинг бадиий ифода маҳорати, адабиётга бўлган қизиқиши ва саҳна маданияти кечага алоҳида жозиба бағишлади.
Шоирлар Маҳмут Ўзкожа ва Беҳруз Нифталиевнинг ижод намуналари эса иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашди. Фестиваль меҳмонларининг севимли шеърларидан парчалар ўқиб бериши турли мамлакатлар вакилларини бир-бирига яқинлаштирган самимий мулоқотга айланди.


Шеъриятнинг буюк қудрати ҳам шунда: унинг таъсирини ҳис этиш учун баъзан бир хил тилда сўзлашиш шарт эмас. Чунки самимий туйғу, эзгуликка интилиш ва гўзалликни англаш инсонларни бирлаштирадиган умумий тилдир.
Талабалар учун эса бундай учрашувлар, айниқса, муҳим. Улар машҳур ижодкорларни яқиндан кўриш, уларнинг фикрларини эшитиш, ўз ижодий қобилиятини намоён этиш ва адабиётга бўлган муносабатини янада мустаҳкамлаш имконига эга бўладилар. Бу эса ёшларнинг фақат касбий билимини эмас, балки маънавий дунёсини ҳам бойитади.


VII Турк дунёси адабиёт ва китоб фестивали ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилиши билан аҳамиятли. У ёшларга китобни фақат билим манбаи эмас, балки ўзликни англаш, дунёқарашни кенгайтириш ва инсонлар ўртасида маънавий яқинликни қарор топтириш воситаси сифатида ҳам намоён этди.
Фестиваль тажрибасини келгусида ҳам ривожлантириш, талабаларнинг ижодий ишларини халқаро майдонда тарғиб қилиш, туркий халқлар адиблари асарларининг таржималари ва тақдимотларини ташкил этиш каби ташаббуслар тадбирнинг узоқ муддатли самарадорлигини янада ошириши мумкин.
Бухоро давлат педагогика институтида ўтказилган VII Турк дунёси адабиёт ва китоб фестивали туркий халқларнинг муштарак маънавий илдизларини англаш, адабий-маданий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ёшлар қалбида китобга муҳаббат уйғотиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Ушбу анжуманнинг аҳамиятини фақат қатнашган мамлакатлар ёки ўтказилган тадбирлар билан баҳолаб бўлмайди. Унинг ҳақиқий қиймати — ижодкорлар ўртасида янги алоқаларнинг пайдо бўлишида, талабаларнинг адабиётга бўлган қизиқиши ортишида, муштарак мероснинг янада кенг тарғиб этилишида ва туркий халқлар ўртасидаги маънавий яқинликнинг мустаҳкамланишида намоён бўлади.


Энг муҳими, бундай фестиваллар бизга бир ҳақиқатни эслатади: халқларнинг келажаги нафақат иқтисодий имкониятлар, балки маънавий бойлик, билим ва ўзаро ишончга ҳам боғлиқ. Китобни қадрлаган жамият тафаккурни қадрлайди, адабиётни эъзозлаган авлод эса инсон қадрини чуқурроқ англайди.
Бухорода жаранглаган шеърлар, янграган фикрлар ва самимий мулоқотлар туркий халқларнинг муштарак мероси ўтмишнинг ёдгорлиги эмас, балки бугунги ҳамкорлик ва эртанги тараққиёт учун мустаҳкам маънавий пойдевор эканини намоён этди.
Зеро, китоб инсонни камолга етказади, адабиёт халқларни яқинлаштиради, маънавият эса келажакни бунёд этади. Турк дунёси адабиёт ва китоб фестивалининг энг катта ютуғи ҳам ана шу эзгу ғояларни инсонлар қалбига етказа олганидадир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири