Абдусаид Кўчимовга юксак фахрий унвон топширилди
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА бош директори Абдусаид Кўчимов бугун қутлуғ 70 ёшни қаршилади.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан А.Кўчимов “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвони билан тақдирланди.
Юбилей муносабати билан Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси анжуманлар залида тантанали маросим ташкил этилди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари бош муҳаррирлари, юбилярнинг шогирдлари иштирок этди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Президент Администрацияси раҳбарининг ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот котиби Шерзод Асадов, Президент маслаҳатчисининг ўринбосари Абдурашид Жўрабоев иштирок этиб, Абдусаид Кўчимовнинг миллий матбуотимиз ривожига қўшган улкан ҳиссаси, соҳанинг замон талаблари даражасида фаолият юритиши йўлида самарали меҳнат қилаётган жуда кўплаб журналистларга устозлик қилганини алоҳида эътироф этишди.
[gallery-2413]
Шу маънода А.Кўчимовга Президентимиз фармони билан берилган фахрий унвонда катта рамзий маъно бор.
Президент маслаҳатчиси А.Абдувоҳидов юбилярга Давлатимиз раҳбарининг табригини етказиш билан бирга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвонини тантанали равишда топширди.
Тадбирда иштирок этган Ўзбекитон Миллий телерадиокомпанияси раиси Алишер Хўжаев, Ўзбекистон ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асад Хўжаев, “Халқ сўзи” газетаси бош муҳаррири Ўткир Раҳмат, “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири Салим Дониёров, “Ишонч” газетаси бош муҳаррири Ҳусан Эрматов, “Гулистон” журнали бош муҳаррири Маматқул Ҳазратқулов ва бошқалар юбилярнинг инсон сифатида, ижодкор сифатида, раҳбар сифатидаги фазилатлари, камтарлиги ва самимийлиги ҳақида сўзлаб, уни қутлуғ ёши билан муборакбод этишди.
ЎзА жамоаси устозни яна бир бор таваллуд айёмлари билан қутлайди! Юксак мукофот муборак бўлсин!
Норгул Абдураимова, ЎзА