Абдуқодир Ҳусановнинг трансфер қиймати 50 миллион еврога етди
Англия Премьер-лигасида тўп сураётган футболчиларнинг трансфер қийматлари янгиланди. Унда Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва “Манчестер Сити” клуби ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановнинг трансфер нархи сезиларли даражада ошди.
“Transfermarkt” порталининг маълумотларига кўра, 21 ёшли футболчининг трансфер қиймати 35 миллион евродан 50 миллион еврога кўтарилди. Шу тариқа, унинг баҳоси 15 миллион евро ёки қарийб 43 фоизга қимматлади. Бу аввалги қийматига нисбатан 1,4 баробар ўсишни англатади.

Ўзбекистонлик ҳимоячининг нархи сўнгги мавсумдаги барқарор ўйини ва «Манчестер Сити» сафидаги ишончли ҳаракатлари ортидан ошди. Янги қиймат билан Абдуқодир Ҳусанов айни пайтда Осиёнинг энг қиммат футболчиси бўлиб турибди.
Маълумот учун, Абдуқодир Ҳусанов ҳозирда Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўрмоқда.

Миллий терма жамоамиз Нью-Йорк шаҳрида 8 июнь куни Нидерландия миллий терма жамоасига қарши иккинчи ўртоқлик учрашувини ўтказади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА