Абдуқодир Ҳусанов жамоаси Англия Лига Кубоги финалига йўл олди
Футбол бўйича Англия Лига Кубоги доирасидан ўрин олган иккинчи ярим финал учрашувида “Манчестер Сити” ўз уйида “Ньюкасл” билан куч синашди.
Мазкур ўйинда “МС” рақибларини 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Дастлаб, учрашувнинг 7 ва 29-дақиқаларида Омар Мармуш гол урган бўлса, 32-дақиқада Тижани Рейндерс мезбонларнинг учинчи голига муаллифлик қилди. Мехмонларнинг ягона голини Антони Эланга баҳснинг 63-дақиқасида киритди.
Шу тариқа, Пеп Гвардиола шогирдлари икки ўйин натижасига кўра умумий 5:1 ҳисобида ғалаба қозониб, финал йўлланмасига эга чиқди.

Биз учун аҳамиятлиси, мазкур ўйинда ҳамюртимиз Абдуқодир Ҳусанов асосий таркибда майдонга тушиб, учрашувни тўлиқ давом эттирди. Истеъдодли ҳимоячимиз баҳс мобайнида 94 фоиз аниқ тўп узатган бўлса, тўпга жами 58 маротаба тегинди ва учинчи ҳудудга 2 марта пас берди.

Нуфузли манба – cityxtra.co.uk сайти экспертлари Абдуқодир Ҳусанов ҳаракатларини 6, Sofascore портали мутахассислари эса 6,3 баллга лойиқ кўрди.
Эслатиб ўтамиз, Англия Лига Кубоги финал учрашуви 22 март куни “Манчестер Сити” ҳамда “Арсенал” жамоалари ўртасида бўлиб ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА