914 та ноқонуний қурилиш буздирилди
2026 йилнинг биринчи чораги давомида мамлакатимизда қурилиш соҳасида қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида кенг кўламли назорат тадбирлари амалга оширилди. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси томонидан олиб борилган мониторинглар натижасида қатор камчиликлар аниқланиб, ноқонуний қурилишларга нисбатан кескин чоралар кўрилди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг январь–март ойлари давомида республика бўйлаб 26 минг 818 та қурилиш объектида олиб борилаётган ишлар назоратга олинди. Ушбу объектларда жами 94 минг 450 маротаба назорат ва мониторинг тадбирлари ўтказилиб, қурилиш жараёнларининг белгиланган меъёр ва қоидаларга мувофиқлиги ўрганилди.
Назорат тадбирлари давомида қурилиш ишларида 57 мингга яқин турли хил камчилик ва қоидабузарлик ҳолатлари аниқланди. Ушбу камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъул ташкилот ва пудратчиларга ёзма кўрсатмалар берилди ҳамда уларнинг ижроси қатъий назоратга олинди.
Бироқ айрим ҳолларда берилган кўрсатмалар ўз вақтида бажарилмагани сабабли қурилиш жараёнларига масъул бўлган шахсларга нисбатан мингдан ортиқ маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Бу эса қурилиш соҳасида интизом ва масъулиятни кучайтириш зарурлигини яна бир бор кўрсатди.
Айниқса, қурилиш нормалари ва қоидаларига зид равишда амалга оширилган қурилиш-монтаж ишлари бўйича 914 та ҳолат аниқланиб, улар буздириш орқали бартараф этилди. Мутахассислар таъкидлашича, бундай кескин чоралар қурилиш хавфсизлигини таъминлаш, фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда шаҳарсозлик талабларига риоя этилишини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси маълумотига кўра, соҳада қонунчилик талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш, ноқонуний қурилишларнинг олдини олиш ва қурилиш сифати устидан назоратни кучайтиришга қаратилган тадбирлар изчил давом эттирилади.
Ш.Маматуропова, ЎзА