9 октябрь — Бутунжаҳон почта куни
Инсоният тарихида масофаларни яқинлаштирган, одамлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаган муҳим воситалардан бири почта хизмати ҳисобланади.
Бир вақтлар мактуб ва хабарларни манзилга етказишдан бошланган ушбу тизим бугунги кунда иқтисодиёт, савдо ва логистика соҳаларининг муҳим таркибий қисмига айланди. Рақамли технологиялар жадал ривожланаётган бугунги даврда ҳам почтанинг аҳамияти йўқолгани йўқ.
Аксинча, унинг вазифалари кенгайиб, анъанавий хат-хабар алмашинувидан ташқари, электрон савдо буюртмаларини етказиб бериш, ҳужжатлар айланмасини таъминлаш ва аҳолига турли хизматларни кўрсатиш каби йўналишларни қамраб олмоқда.
Айниқса, электрон тижоратнинг ривожланиши почта хизматларига бўлган талабни янги босқичга олиб чиқди. Бугун харидор ва сотувчи ўртасидаги масофани қисқартириш, маҳсулотларни ўз вақтида етказиб бериш ҳамда ҳудудлар ўртасидаги савдо алоқаларини ривожлантиришда почта ва курьерлик хизматларининг ўрни ортиб бормоқда.
Шу билан бирга, замонавий почта тизими олдида хизматлар сифатини ошириш, етказиб бериш жараёнларини рақамлаштириш, логистика инфратузилмасини такомиллаштириш ва фойдаланувчилар учун қулайлик яратиш каби муҳим вазифалар турибди. Бу эса соҳанинг анъанавий имкониятларини янги технологиялар билан уйғунлаштиришни тақозо этади.
9 октябрь — Бутунжаҳон почта куни ана шу соҳа тараққиёти, унинг жамият ҳаётидаги аҳамияти ва келгусидаги имкониятлари ҳақида фикр юритиш учун ҳам бир фурсатдир.
Нигора Раҳмонова, ЎзА