9 май – Хотира ва қадрлаш куни
Мазкур сана юртимизда Биринчи Президентимизнинг 1999 йил 2 майдаги фармони асосида умумхалқ байрами сифатида нишонланиб келинмоқда. Бу ҳужжат миллат хотирасини тиклаш, уруш ва қатағон қурбонлари руҳини ёд этиш, инсон қадрини улуғлаш йўлида мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилди.
Бу йил қутлуғ сана янада юксак савияда нишонланмоқда. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 апрелдаги “9 май — Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарди. Унда хотира обидаларини обод этиш, нуронийларни қадрлаш, ёшлар қалбида тарихий хотира ва ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилган кенг қамровли вазифалар белгилаб берилгани эътиборлидир.
Айни шу эзгу ғоялар ифодаси сифатида Жиззах шаҳридаги маънавият ва маърифат маскани — Шароф Рашидов номи билан аталган кутубхонада “Инсон қадри улуғ – хотираси муқаддасдир” шиори остида адабий-мусиқий кеча бўлиб ўтди. Илм ва тафаккур нафаси уфуриб турган ушбу масканда ўтган тадбир қалбларга чуқур таъсир этди, хотира ва қадр тушунчаларига янада теран мазмун бахш этди.
Тадбирда тарих фанлари доктори, профессор Фания Ахмедшина ўз маърузасида хотирани асраш бу шунчаки ўтмишни ёдга олиш эмас, балки миллат ўзлигини англаш, тарих сабоқларидан хулоса чиқариш эканини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори Бахтигул Эргашева юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, хусусан, қатағон қурбонлари номини тиклаш, уларнинг ҳаёт йўлини ўрганиш ва ёш авлодга етказиш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида атрофлича сўз юритди.
Тадбирда қатнашган ёшлар, талабалар ва жамоатчилик вакиллари учун бу кеча оддий маънавий анжуман эмас, балки ўтмиш билан юзма-юз мулоқот, тарих билан қалбан суҳбатга айланди.
[gallery-29264]
Иккинчи жаҳон уруши йилларида юртимиздан қарийб 1,5 миллион инсон фронтга сафарбар этилгани, уларнинг ярмидан зиёди қайтмагани ҳақидаги маълумотлар ҳар бир юракни ларзага солади. Аммо бу рақамлар ортида турган беқиёс жасорат, оналар кўзидаги интизорлик, болалар қалбидаги соғинч хотиранинг энг оғир, айни пайтда энг муқаддас қатламидир.
Бугунги тинч ва фаровон ҳаёт ана шу қурбонликлар, сабр ва матонат самарасидир. Шу боис, хотирани асраш маънавий бурч, қадрлаш эса инсоний фазилатдир. Бу икки тушунча уйғун бўлган жамиятда инсон шаъни улуғланади, тарих унутилмайди, келажак эса ишончли пойдевор устига қурилади.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА