69 фоиз ўзбекистонлик беш кунлик дам олишдан мамнун бўлган
Тошкент давлат юридик университети Тадқиқот маркази томонидан ўтказилган сўровномада жами 1577 нафар респондент иштирок этди. “Қурбон ҳайити муносабати билан берилган кетма-кет 5 кунлик дам олиш сизга қандай таъсир қилди?” деган саволга респондентларнинг 1087 нафари (69 фоиз) ушбу даврни ҳақиқий дам олиш, руҳий тикланиш, саёҳат ва зиёрат қилиш ҳамда оила аъзолари билан кўпроқ вақт ўтказиш имконияти сифатида баҳолаган.
Сўров иштирокчиларининг 337 нафари (21 фоиз) дам олиш кунлари одатдагидек ўтганини, сезиларли ўзгариш бўлмаганини, айрим ҳолларда эса харажатлар ошганини қайд этган. Қолган 153 нафар респондент (10 фоиз) эса кутилганидек дам ололмаганини, байрам кунларида ҳам ишлаганини ёки янги иш ҳафтаси олдидан чарчоқ сезаётганини билдирган.
Умуман олганда, сўров натижалари беш кунлик дам олиш амалиёти аксарият фуқаролар томонидан ижобий қабул қилинганини кўрсатмоқда.
Душанба куни кетма-кет беш кунлик дам олишдан сўнг мамлакатимизнинг 15,4 миллион иқтисодий фаол аҳолиси, жумладан 14,6 миллион нафар банд фуқаро одатий иш фаолиятига қайтди. Узоқ дам олишдан кейин одамларнинг ишга қайтиши турлича кечмоқда. Айримлар беш кунлик ҳордиқдан сўнг ўзини тетик, хушкайфият ва янги кучга тўлган ҳолда ҳис қилса, бошқаларда “ишга мослашиш синдроми” (post-holiday blues) кузатилиб, одатий иш ритмига қайта мослашиш бироз қийин кечган. Шу боис бугунги иш куни кимлардир учун янги энергия билан бошланган бўлса, бошқалар учун дам олиш кайфиятидан меҳнат муҳитига қайтиш жараёни сифатида кечмоқда.
Ўзбекистонда узоқ йиллар давомида Қурбон ҳайити асосан фақат бир кунлик расмий дам олиш куни сифатида нишонланган. Хусусан, 2012, 2013, 2014, 2015 ва 2016 йилларда Президент қарорлари билан Қурбон ҳайитининг биринчи куни дам олиш куни деб эълон қилинар эди. Қўшимча узайтирилган дам олиш кунлари амалиёти деярли кузатилмаган.
Масалан, 2012 йилда Қурбон ҳайити 26 октябрь (жума), 2013 йилда 15 октябрь (сешанба), 2014 йилда 4 октябрь (шанба), 2015 йилда 24 сентябрь (пайшанба), 2016 йилда эса 12 сентябрь (душанба) кунларига тўғри келган ва фақат шу кун дам олиш куни этиб белгиланган.
Жорий 2026 йилда эса мутлақо ўзгача ҳолат кузатилди. Қурбон ҳайитининг биринчи куни 27 май (чоршанба) кунига тўғри келгани ҳамда Президентнинг 2025 йил 24 декабрдаги тегишли фармони билан 28-29 май кунлари барча ходимлар учун қўшимча дам олиш куни, 30 май эса олти кунлик иш ҳафтасида ишловчилар учун дам куни этиб белгилангани сабабли, 27-31 май кунлари кетма-кет беш кунлик дам олиш тажрибаси шаклланди.
Соддароқ қилиб айтганда, ўзбекистонликлар аввалги йилларда Қурбон ҳайити муносабати билан йилига 1 кун дам олган бўлса, 2026 йилда бир йўла кетма-кет 5 кун дам олиш имкониятига эга бўлди. Яъни, илгари шундай давомийликдаги дам олиш учун беш йил сарфланган бўлса, бу сафар фуқаролар ундан бир йилнинг ўзида фойдаланди.
Дунё давлатларида узоқ дам олиш кунларини шакллантиришнинг турли моделлари мавжуд бўлиб, айрим мамлакатларда бу тизим мунтазам равишда такрорланадиган механизм сифатида йўлга қўйилган.
Масалан, АҚШда бир қатор федерал байрамлар олдиндан душанба кунларига тўғриланган бўлиб, бу йил давомида бир неча маротаба кафолатланган “long weekend”ларни яратади. Жумладан, Martin Luther King Jr. Day, Presidents’ Day, Memorial Day ва Labor Day каби байрамлар доимий равишда душанба кунларига тўғри келади. Натижада фуқаролар йил давомида мунтазам равишда уч кунлик дам олиш имкониятига эга бўлади.
Колумбия тажрибаси янада қизиқарли ҳисобланади. 1983 йилдан буён амал қилувчи “Ley Emiliani” қонунига мувофиқ, диний ва фуқаролик байрамларининг аксарияти кейинги душанба кунига кўчирилади. Натижада 2026 йилда мамлакатдаги 18 та расмий байрамнинг 15 таси автоматик равишда уч кунлик дам олишга айланган.
Аргентинада эса ҳукумат “tourist bridge” (туристик кўприк) кунларини жорий этган. Мазкур тизимга кўра, байрам кунлари орасига қўшимча дам олиш кунлари қўшилиб, 4 кунлик дам олиш шакллантирилади. 2026 йилда ҳукумат томонидан махсус 3 та “bridge day” белгиланган бўлиб, улар узоқ дам олишларнинг даврийлигини оширишга хизмат қилади.
Хитойда “Golden Week” тизими мавжуд бўлиб, Хитой Янги йили ва Миллий байрам ҳафтаси давомида фуқаролар бир неча кунлик узлуксиз дам олиш имкониятига эга бўлади. Японияда “Golden Week” бир неча миллий байрамларнинг кетма-кет келиши натижасида шаклланади.
Жанубий Кореяда эса Chuseok байрами даврида бир неча кунлик узлуксиз дам олиш анъанаси мавжуд. Таиландда ҳар йили 13-15 апрель кунлари нишонланадиган Songkran байрами даврида аҳолининг фаол ҳаракати туфайли йўл-транспорт ҳодисалари кескин кўпаяди. Шу сабабли ҳукумат бу даврни расмий равишда “7 хавфли кун” (Seven Dangerous Days) деб атайди.
Умуман олганда, таътилнинг давомийлиги ва даврийлиги инсоннинг кайфиятига катта таъсир кўрсатади. Бу тадқиқотлар билан ҳам исботланганлигини кўриш мумкин.
Хусусан, 1-2 ҳафта давом этадиган таътиллар стрессни пасайтириш, фаровонликни ошириш ва руҳий чарчаш (burnout)ни камайтириш бўйича энг юқори фойда берган. Таътил даврийлиги бўйича йилига 3-4 марта дам олган шахслар энг паст стресс ва ҳаётдан қониқишнинг юқори даражасини қайд этган.
Экспериментал изланишлар натижаларига кўра, дам олишни оддий дам сифатида эмас, балки “таътил режими” сифатида қабул қилиш ижобий ҳиссиётларни оширади, салбий эмоцияларни камайтиради ҳамда ишга қайтганда қониқиш даражасини юқори қилади.
Бошқа бир тадқиқотда байрам ва узоқ дам олиш даврлари нафақат ижобий эмоциялар, балки сезиларли даражада стресс ҳам келтириб чиқариши мумкинлиги айтилади. Тадқиқот натижаларига кўра, респондентларнинг 62 фоизи байрам даврида стресс даражаси ошганини қайд этган, фақат 10 фоизида эса стресс кузатилмаган. Асосий стресс омиллари сифатида молиявий босим, оилавий муносабатлар ва кундалик соғлом одатларнинг бузилиши кўрсатилган.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, Қурбон ҳайити муносабати билан берилган кетма-кет беш кунлик дам олиш фуқароларнинг аксарияти томонидан ижобий қабул қилинган.
Эътиборли жиҳат шундаки, 2012-2016 йилларда Қурбон ҳайити муносабати билан асосан бир кунлик дам олиш амалиёти қўлланилган бўлса, 2026 йилда фуқароларга кетма-кет беш кун дам олиш имконияти яратилди. Бу эса нафақат байрамни муносиб нишонлаш, балки аҳолининг ҳордиқ чиқариши, ички ҳаракатчанлиги ва оилавий мулоқотлари учун кенгроқ шароит яратди. Шунингдек, бундай ҳажмдаги дам олиш кунларини ташкил этиш давлатнинг иқтисодий, ташкилий ва ижтимоий салоҳияти ортиб бораётганининг ҳам амалий ифодаси сифатида баҳоланиши мумкин.
Келгусида узоқ муддатли дам олиш кунлари таъсирини фақат фуқароларнинг кайфияти нуқтаи назаридан эмас, балки туризм, транспорт, савдо, хизматлар сектори, оилавий муносабатлар ва меҳнат унумдорлиги каби йўналишлар кесимида ҳам ўрганиш муҳим аҳамият касб этади. Бундай тадқиқотлар узоқ дам олиш кунларининг жамият ва иқтисодиёт учун ҳақиқий самарасини янада чуқурроқ баҳолаш имконини беради
Мирёқуб Раҳимов,
Тошкент давлат юридик университети
Тадқиқот маркази раҳбари,
Юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD),
доцент