616 миллион сўмлик мукофот: “Касбий маҳорат етакчиси” ким бўлди?
Таълим сифати, замонавий бошқарув ва педагогик маҳоратни ошириш йўлида энг юқори натижа кўрсатган раҳбар аниқланди.
Сирдарё вилояти Педагогик маҳорат маркази директори Бердалиева Гуласал Абдуқундузовна “Касбий маҳорат етакчиси” танлови ғолиби бўлди. Мазкур танлов Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан жорий этилган бўлиб, 2025 йил 28 апрелдаги Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида бу йил сентябрь ойида Мактaбгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ташкил этилди.
Танловда ҳудудлардаги Педагогик маҳорат марказлари директорлари иштирок этди. Номзодларнинг фаолияти шунчаки умумий кўрсаткичлар асосида эмас, балки таълим сифати ва бошқарув самарадорлигини қамраб олган бир қатор мезонлар бўйича баҳоланди.
Хўш, раҳбарларни баҳолашда нималарга эътибор қаратилди?
Дастлабки босқичда махсус ишчи гуруҳ аъзолари томонидан номзодларнинг фаолияти тўрт асосий йўналиш бўйича таҳлил қилинди.
Жумладан, номзоднинг ўз ҳудудида таълим сифатини оширишга қўшган ҳиссаси, Педагогик маҳорат марказининг молиявий барқарорлигини таъминлашдаги натижалари, таълим жараёнини замонавий усулларда ташкил этиши, шунингдек, марказни тажрибали кадрлар билан таъминлаш ва замонавий бошқарув усулларини жорий этиши ўрганилди.
Танловнинг кейинги босқичида эса номзодлар Танлов комиссияси аъзолари олдида ўз лойиҳаларини тақдим қилди. Икки босқичдаги синов натижалари жами 100 баллик рейтинг асосида баҳоланди. Якуний натижага кўра, энг юқори баллни тўплаган Сирдарё вилояти Педагогик маҳорат маркази директори Бердалиева Гуласал Абдуқундузовна “Касбий маҳорат етакчиси” деб топилди.
Қайд этилишича, ғолибни катта миқдордаги мукофот ҳам кутмоқда. Танлов шартларига кўра, у Мактaбгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 400 баравари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади. Айни пайтда бу сумма 616 миллион сўмни ташкил этади.
Танловнинг аҳамияти эса фақат пул мукофоти билан чекланмайди. У таълим тизимида раҳбарнинг касбий маҳорати, бошқарув қобилияти, янгиликларни жорий этиши ва ҳудудда таълим сифатини оширишга қўшаётган амалий ҳиссини баҳолашга қаратилгани билан аҳамиятли.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА