58-Халқаро кимё олимпиадаси Ўзбекистонда ўтади
Марказий Осиё тарихида илк бор нуфузли 58-Халқаро кимё олимпиадаси мамлакатимизда ўтказилади.
Шу йилнинг 2026 йил 10-19 июль кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган мазкур олимпиада юртимизнинг таълим соҳасидаги ислоҳотлари, билимга чанқоқ ёшларнинг интилишларини намойиш этади.
Айни пайтда мазкур йирик халқаро маърифий тадбир ўқувчиларимиз турли давлатлардаги тенгдошлари билан дўстона муносабатлар ўрнатишида муҳим аҳамият касб этади.
Бу наинки ёш иқтидорлар учун катта имконият, балки Ўзбекистоннинг глобал илмий майдондаги нуфузини яна бир бор намоён этувчи муҳим воқеа.
Мазкур олимпиада дунёнинг 95 мамлакатидан келган энг иқтидорли ўқувчиларни бир майдонга жамлайди. Ўзбекистон эса ушбу нуфузли тадбирга мезбонлик қилиш орқали иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, илм-фан ривожи йўлида халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашни мақсад қилган.
Бу фан соҳасидаги халқаро ишонч белгиси бўлиши билан бирга, ёш авлоднинг илмий салоҳиятини рағбатлантиришда Ватанимиз учун муҳим қадам.
Н.Усмонова,
ЎзА