500 дан ортиқ бўш иш ўрни таклиф этилди
Гулистон шаҳридаги «Келажак» марказида ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган меҳнат ярмаркаси ўтказилди. Сирдарё вилояти солиқ бошқармаси ташаббуси билан шаҳар солиқ инспекцияси ва ҳамкор ташкилотлар иштирокида ташкил этилган тадбирда 30 дан ортиқ йирик корхона, ташкилот ва хусусий тадбиркорлар 500 дан зиёд бўш иш ўрнини таклиф қилди.
Меҳнат бозорида ўз ўрнини топиш, барқарор даромад манбаига эга бўлиш ва касбий фаолиятини бошлаш истагидаги ёшлар учун ярмаркада иш берувчилар билан бевосита мулоқот қилиш, бўш иш ўринлари, меҳнат шароитлари ва мавжуд имкониятлар ҳақида маълумот олиш учун қулай шароитлар яратилди.
Тадбир давлатимиз раҳбарининг ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш ва меҳнат бозорида муносиб ўрин эгаллашига кўмаклашишга қаратилган вазифалар ижроси доирасида ташкил этилди.

Ярмарканинг амалий натижалари ҳам эътиборга молик. Бугунги кунга қадар солиқ органлари кўмагида 52 нафар ёшнинг расмий бандлиги таъминланган бўлса, тадбирга ташриф буюрган 200 нафардан ортиқ ёшдан 30 нафари ўз ҳаётида илк бор меҳнат шартномасини имзолади.

Бу эса ёшларнинг расмий меҳнат муносабатларига кириб, ўз меҳнати орқали даромад топиши ва касбий тажриба орттириши учун муҳим қадамдир. Илк меҳнат шартномасининг имзоланиши ёшлар ҳаётида мустақиллик сари ташланган дадил қадам сифатида ҳам аҳамиятли.
— Бугунги меҳнат ярмаркаси ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни расмий меҳнат муносабатларига жалб этиш ва муносиб иш ўринларига йўналтиришда муҳим аҳамият касб этди. Айниқса, ёшларнинг иш берувчилар билан бевосита мулоқот қилиши, мавжуд бўш иш ўринлари билан танишиши ва ўз қизиқиши ҳамда имкониятларига мос касбни танлаши учун қулай шароит яратилди. Эътиборлиси, ярмарка давомида ўнлаб ёшларнинг илк бор меҳнат шартномасини имзолагани тадбирнинг амалий натижасидир. Бундай ташаббусларни вилоятнинг барча ҳудудларида давом эттириш орқали ёшларнинг меҳнат бозорида ўз ўрнини топишига янада кенг кўмак берамиз, — дейди Сирдарё вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи Суҳроб Тавбоев.

Ярмарка доирасида ёшлар учун яна бир муҳим имконият — йирик ишлаб чиқариш корхоналарига экскурсиялар ташкил этилгани бўлди. Улар давомида иштирокчилар ишлаб чиқариш жараёнлари, замонавий технологиялар, меҳнат шароитлари ва турли касб йўналишлари билан яқиндан танишишди.

Бундай учрашувлар ёшларга фақат иш топиш эмас, балки ўз қобилияти ва қизиқишларига мос касбни танлаш, келгуси фаолиятини режалаштириш ва меҳнат бозори талабларини яхшироқ англаш имконини беради.

Гулистондаги меҳнат ярмаркасида 500 дан ортиқ бўш иш ўрнининг таклиф этилгани, ўнлаб ёшларнинг расмий меҳнат фаолиятини бошлагани ёшлар бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар аниқ натижалар билан бойиб бораётганини кўрсатади. Бундай ташаббусларни вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам изчил давом эттириш орқали ёшларнинг муносиб иш ва барқарор даромад манбаига эга бўлишига кенг йўл очилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири