45 нафар меҳнат мигрантига сертификат берилди
Тошкент халқаро Вестминстер университетида ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда хорижда ишлаб келган меҳнат мигрантларини тадбиркорликка ўқитиш, ички меҳнат бозорига реинтеграция қилиш масалалари билан ишловчи меҳнат органларига методик кўникмаларни бериш юзасидан қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилган эди.
Бугун ўқув курсларини тамомлаган яна 45 нафар хорижда ишлаб келган меҳнат мигрантига сертификатлар топширилди.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг масъул ходимлари, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари иштирок этган тадбирда хорижда ишлаб, юқори малака орттириб қайтган меҳнат мигрантларининг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, улар билан манзилли ишлайдиган, молиявий қўллаб-қувватлайдиган тизим яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Мақсад битта – хориждан қайтган, пандемия сабабли чет элга кета олмаётган фуқароларни ўз тадбиркорлигини бошлашига кўмаклашиш орқали янги иш ўринлари яратишдир. Ҳисоб-китобларга кўра, 2021 йилда 1,5 мингдан ортиқ меҳнат мигрантини тадбиркорликка ўқитиш режалаштирилмоқда.
Халқаро тоифадаги тренерлар иштирокида олиб борилаётган ўқув курсини ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар – тренер жалб қилиш, 3 маҳал овқатланиш, ётоқ жой ЕХҲТнинг грант маблағлари ҳисобидан қоплаб берилмоқда.
Ўқув дастури бўйича курслар 19 октябрь кунидан бошланган бўлиб, шу кунга қадар 150 нафар фуқаро тадбиркорликка ўқитилди.