41 мамлакат Ҳурмуздаги вазиятни муҳокама қилади
-
Буюк Британия Яқин Шарқ можароси тугагандан кейин Ҳурмуз бўғозидан хавфсиз фойдаланиш мавзусини муҳокама қилиш учун 41 мамлакат ҳарбий мутахассисларини бирлаштирган виртуал конференция ўтказмоқчи. Бу ҳақда “Financial Times” нашри хабар тарқатган.
Аввалроқ 30 дан зиёд давлат Яқин Шарқдаги можаро пайти кемалар Ҳурмуз бўғозидан хавфсиз ўтишини таъминлашга ҳисса қўшиш истагини билдирган эди.
Лондон шимолидаги Нортвуд қўмондонлик марказида ташкил қилинадиган мазкур учрашувда Франция, Германия, Канада, Япония, Жанубий Корея, Австралия, Бирлашган Араб Амирликлари ҳам иштирок этади.
Газета томонлар кўзлаётган асосий мақсад НАТОдан мустақил равишда фаолият юритадиган халқаро коалиция тузиш учун лозим бўладиган “тегишли чоралар”ни аниқлаш эканига эътибор қаратган.
Аввалроқ Президент Дональд Трамп НАТОнинг Ҳурмуз бўғозини очишда АҚШга ёрдам беришдан бош тортиши тузилма обрўсига жиддий путур етказганини айтганди.
Маълумки, минтақада вазият кескинлашгач, Форс кўрфази мамлакатларидан жаҳон бозорига нефть ва суюлтирилган табиий газ етказиб бериш учун асосий йўналиш ҳисобланган Ҳурмуз бўғози тўсиб қўйилди. Бу ҳолат дунё миқёсида нефть экспорти ва ишлаб чиқариш жараёнига сезиларли салбий таъсир кўрсатди. Бунга жавобан Трамп Хитой, Франция, Япония, Жанубий Корея, Буюк Британия каби қудратли мамлакатлардан Ҳурмузга кема юборишни сўраган.
С.Раҳимов, ЎзА