35 йиллик тантанага уйғун эзгулик
Гулистон шаҳридаги “Баҳор” тантаналар уйида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар фарзандларига бағишланган хайрли тадбир ўтказилди. Унда 35 нафар жажжи болажоннинг суннат тўйи тантанали нишонланди.
Мазкур хайр-саховат тадбири Гулистон шаҳар ҳокимлиги ҳамда “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳамкорлигида ташкил этилди. Унинг асосий мақсади ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, фарзандлар қувончига шерик бўлиш ва юртимиз мустақиллигининг 35 йиллик шодиёнасини эзгу амаллар билан кутиб олишдан иборат.
Тантанали маросимда суннат тўйи эгалари — жажжи болажонларнинг ота-оналари ва яқинлари, шаҳар ҳокимлиги ҳамда “Вақф” хайрия жамоат фонди вакиллари, нуронийлар, фаол хотин-қизлар ва жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Йиғилганлар мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга кўрсатилаётган эътибор, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, фарзандлар камолоти учун муносиб шароит яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикр юритдилар. Шунингдек, мустақиллигимизнинг 35 йиллигини муносиб нишонлаш жараёнида инсон қадри, меҳр-оқибат, саховат ва эзгулик каби қадриятлар янада юксак намоён бўлаётгани таъкидланди.
[gallery-30884]
Тадбирда сўзга чиққанлар байрам муносабати билан болажонлар ва уларнинг яқинларини самимий қутлаб, жажжи тўй эгаларига эсдалик совғалари топширди. Болаларнинг қувончи, ота-оналарнинг мамнуният билан йўғрилган самимий табассумлари маросимга янада кўтаринки руҳ олиб кирди.
– Ушбу хайрли ишни ташкил этишда ҳисса қўшган барча инсонларга миннатдорлик билдираман. Бугун фарзандимнинг суннат тўйи. Қувончли кунимизга нафақат оила аъзоларимиз, балки яқинларимиз ҳам ташриф буюришди. Тўйга тайёргарлик жуда чиройли ташкил этилган. Фарзандимиз учун унутилмас, файзли кун бўлмоқда, – дейди Моҳидил Жўраева.
Тантана дастуридан болажонлар учун турли кўнгилочар чиқишлар ҳам ўрин олди. Санъаткорлар томонидан ижро этилган дилрабо куй-қўшиқлар, шўх рақслар ва мусиқий дастур тўй шукуҳини янада оширди. Болаларнинг қувноқ кулгиси ва шодлиги эса байрамона муҳитга ўзгача жон бағишлади.
– Бугун 35 нафар болажоннинг суннат тўйи мустақиллигимизнинг 35 йиллигига ҳамоҳанг, эсда қоларли тадбирлардан бири сифатида ўтди. Энг муҳими, бу хайрли ташаббус болажонларга бир олам қувонч, уларнинг ота-оналарига эса кўтаринки кайфият улашди. Бундай эзгу ишлар меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлайди, – дейди Гулистон шаҳар ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Азиза Пайзиева.
Дарҳақиқат, фарзанд қувончи – оила қувончи. Бу қувончни эл-юрт билан баҳам кўриш, ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар фарзандларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш юртимизда инсон қадрига бўлган юксак эътиборнинг амалий ифодасидир.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида ташкил этилган ушбу хайрли тадбир ҳам эзгулик, саховат ва меҳр-оқибатнинг ёрқин намунасига айланди. Энг муҳими, 35 нафар болажоннинг юзидаги табассум, қалбидаги қувонч ва ота-оналарининг мамнуният ҳисси байрамнинг энг гўзал манзарасини намоён этди.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат), ЎзА