21 нафар боксчимиз бугун Осиё чемпионлиги учун рингга кўтарилади
Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”да бокс бўйича кичик ўсмирлар ва ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида бугун, 14 май куни U15 ёш тоифасида сўнгги ҳал қилувчи финал баҳслари бўлиб ўтади.
Қувонарлиси, мазкур финал беллашувларида жами 21 нафар чарм қўлқоп устамиз рингга кўтарилади. Эртага, 15 май куни эса U17 ёшдаги боксчилар қитъа чемпионлиги учун баҳслашади. Унда эса 16 нафар боксчимизга мухлислик қиламиз.
Дарвоқе, Осиё чемпионати доирасида мамлакатимизга ташриф буюрган бир қатор халқаро ҳакамлар ҳамда “Asian Boxing” ташкилоти ходимлари учун Самарқанд шаҳрига маданий саёҳат ташкил этилди.
Саёҳат давомида меҳмонлар дунё цивилизацияси бешикларидан бири саналган, кўп асрлик бой тарих ва бетакрор меъморий меросга эга Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор масканлари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди.
Шунингдек, саёҳат иштирокчилари миллий ҳунармандчилик намуналари, шарқона бозор муҳити ҳамда ўзбек миллий таомлари билан ҳам танишди. Таъкидлаш жоизки, бундай маданий дастурлар халқаро мусобақалар иштирокчиларига нафақат юртимизнинг спорт соҳасидаги имкониятларини, балки Ўзбекистоннинг бой тарихи, маданияти ва туризм салоҳиятини ҳам кенг намоён этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА