2027 йилги Жаҳон кубогида Ватанимиз шарафини ҳимоя қиладиган шахматчилар сафи ортадими?
Бугун, 5 июнь куни Мўғулистон пойтахти Улан-Батор шаҳрида шахмат бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида давом этаётган Осиё чемпионатининг 8-тур баҳслари бўлиб ўтади.
Унда аёллар гуруҳида 6,5 очко билан етакчилик қилаётган Афруза Ҳамдамова қора доналарда ҳиндистонлик Савитха Шри қаршилигини енгишга ҳаракат қилса, 5,5 очко билан 2-ўринни банд этган Нилуфархон Имомқўзиева ҳам қора доналарда хитойлик Музиян Гао билан баҳс олиб боради.
Айтиш лозим, кеча ўтказилган 7-тур мусобақасида А.Ҳамдамова оқ доналарда ҳиндистонлик Рави Ракшиттани мағлуб этди. Н.Имомқўзиева эса қора доналарда бугун Афруза билан куч синашадиган Савитха Шрига қарши ўйинда дурангга эришди.

Шунингдек, терма жамоамиз аъзоларидан Г.Тоҳиржонова кеча ўтган 7-турда қора доналарда ҳиндистонлик Агравал Вантикага ютқазиб қўйди.
Гулдона Каримова қора доналарда вьетнамлик рақибини мағлуб этган бўлса, Асал Салимова оқ доналарда, Мадинабону Халилова қора доналарда мўғулистонлик шахматчи қизларга имкониятни бой берди.
Қитъа биринчилиги эркаклар мусобақасининг 7-турида юртдошимиз Абдумалик Абдусалимов оқ доналарда мўғулистонлик Уюртсаих Агибилегни таслим этди.

Ушбу турда Ортиқ Ниғматов қора доналарда ФИДЕ байроғи остида турнирда қатнашаётган Арсений Нестеровга очко тақдим этган вазиятда Саидакбар Саидалиев оқ доналарда ҳиндистонлик Ананд Пранав билан муросага келди.
Бугун ўтказиладиган 8-тур баҳсида турнир жадвалида 5,5 очко билан қўшимча кўрсаткичларга кўра, эркаклар гуруҳида 5-ўринда бораётган иқтидорли шахматчимиз А.Абдусалимов қора доналарда ФИДЕ байроғи остида биринчиликда қатнашаётган Zhamsaran Tsydypov(Zhamsaran Tsydypov) билан куч синашади.

Айтиш лозим, мукофот жамғармаси 100 минг АҚШ долларидан иборат чемпионатда энг яхши кўрсаткичга эга 5 нафар, аёллар ўртасида 1 нафар иштирокчи 2027 йилги Жаҳон кубоги йўлланмасига эга чиқиши белгиланган.
Шахматчиларимизнинг эркаклар ва аёллар гуруҳида эгаллаб турган ўрнига назар ташласак, чемпионат якунланишига 1 та тур қолганда А.Ҳамдамова 102 нафар қатнашчи орасида рақибларини 1 очко кўринишида ортда қолдирмоқда. А.Абдусалимов эса 143 нафар шахматчи орасида кучли бешликда боряпти.
Кўрсаткичларнинг биз истагандек кўринишда якун топиши 2027 йилги Жаҳон кубогида Ватанимиз шарафини ҳимоя қиладиган шахматчиларимиз сафи ортишига олиб келиши билан аҳамиятлидир.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА