2027 йил 1 январдан бошлаб саратонолди ва саратон касалликларига чалинган беморларни ташхислаш, даволаш учун зарур бўлган дори-дармон ва тиббий жиҳозлар БМТнинг тараққиёт дастури доирасида харид қилиниб, ҳудудларга етказиб берилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Саратон касалликларининг олдини олиш, эрта аниқлаш ва даволаш чора-тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, аҳоли ўртасида энг кўп учрайдиган саратон касалликларини эрта аниқлашнинг янги дастурлари доирасида:
а) халқаро клиник қўлланмалар, стандарт операцион муолажалар, беморлар маршрутлари ҳамда саволномалар ўтказиш амалиётга жорий этилади;
б) бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари ҳамда ҳудудлардаги марказий лабораториялар ошқозон, колоректал ҳамда простата бези саратонини эрта аниқлаш учун тест тўпламлари, реактив, реагентлар ва сарфлов материаллари билан таъминланади.
2027 йил 1 январдан бошлаб беморлар сони, бир беморга талаб этиладиган кунлик миқдор, даволаш курсининг давомийлиги, мавжуд захира ҳамда демографик ҳолатни инобатга олган ҳолда саратонолди ва саратон касалликларига чалинган беморларни ташхислаш ва даволаш учун зарур бўлган дори ва сарфлов воситалари, реактив ва реагентлар ҳамда тиббий жиҳозлар БМТнинг тараққиёт дастури билан ҳамкорликда харид қилинади ҳамда ҳудудларга етказиб берилади. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 22 ноябрдаги ПҚ-402-сон қарори билан тасдиқланган 2025-2030 йилларда бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини назорат қилиш дастури доирасида реактив ва реагентларни бошқа халқаро ташкилотлар билан хҳамкорликда харид қилиниши мумкин.
Қарор билан:
а) Саратонга қарши курашиш миллий дастури;
б) Саратонга қарши курашиш миллий дастурини амалга ошириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар режаси;
в) Саратонга қарши курашиш миллий дастурини амалга оширишнинг мақсадли кўрсаткичлари;
г) Саратонга қарши курашиш миллий дастурини амалга ошириш учун республика онкология муассасаларини зарур тиббий жиҳозлар билан таъминлашнинг манзилли тақсимоти тасдиқланди.
2027 йил 1 январдан бошлаб Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари доирасида саратон касалликларига чалинган беморларга тиббий ёрдам кўрсатишда қуйидаги хизматлар харажатлари Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан қопланади:
а) саратон касалликларини эрта аниқлаш ва уларнинг олдини олишда ўтказиладиган лаборатор ва инструментал диагностик текширувлар;
б) саратон касалликларини ташхислаш ва уларнинг босқичини аниқлаш. Бунда молекуляр-генетик ташхис усулларининг рўйхати Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади, уларни қоплаш қийматини белгилаш ва тўловларни амалга ошириш тартиби Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилади;
в) жарроҳлик амалиётлари;
г) медикаментоз (биринчи гуруҳдаги (базавий) ўсмага қарши, гормонал ҳамда қўллаб-қувватловчи терапияда қўлланадиган дори воситалари) ва нур терапияси;
д) паллиатив ёрдам;
ж) реабилитация ва диспансер кузатуви бўйича хизматлар.
ЎзА