2020 йилдан буён Озарбайжонда 427 киши минага дуч келган
– Мина Арманистон билан зиддиятнинг энг оғир оқибати бўлиб қолмоқда, – деб ёзган Озарбайжон Президенти ёрдамчиси Ҳикмат Ҳожиев ижтимоий тармоқ саҳифасида. – Афсуски, фаол ҳарбий ҳаракат тўхтагандан кейин ҳам одамлар ҳаётдан кўз юммоқда.
Мулозимнинг сўзларига кўра, 2020 йилдан бери Озарбайжонда 427 нафар инсон минага дуч келган. Портлаш оқибатида жами 73 одам ҳалок бўлган, 354 киши, жумладан 231 нафар бегуноҳ аҳоли вакили жароҳатланган. Шунингдек, 1991 йилдан бери минадан жабрланганларнинг умумий сони 3500 дан ошгани, улардан 362 нафари бола, 38 нафари аёл экани таъкидланди.
Президент ёрдамчиси таъкидлашича, инсонлар қурбон берилишидан ташқари, миналар умумий санитария ҳолати, ички кўчирилганлар хавфсиз қайтиши, шунингдек озод қилинган ҳудудларни тиклаш ва иқтисодий ривожлантириш жараёнига ҳам тўсқинлик қилмоқда.
– Топилган ва зарарсизлантирилган ҳар бир мина нафақат омон қолган ҳаётни, балки тикланиш сари қўйилган яна бир қадамни ҳам англатади, – дея таъкидлади Ҳожиев.
С.Раҳимов, ЎзА