20 минг киши ижросида намойиш этилди
Андижонда “Андижон – 2026 йилда туркий дунёнинг маданият пойтахти” мақоми доирасида қатор маданий тадбирлар ўтказилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири Андижон шаҳридаги “Бобур-арена” стадионида ўтказилди. Асрлар давомида халқимизнинг шодон руҳи, миллий ғурурини ўзида мужассам этган “Андижон полкаси” рақсини жаҳон миқёсида эътироф этилишини таъминлаш мақсадида Андижон вилояти ҳокимлиги ташаббуси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, халқаро ТУРКСОЙ ташкилоти қўллаб-қувватлови билан ушбу миллий рақсни 20 минг киши иштирокида ижро этиш орқали Гиннеснинг рекордлар китобига киритиш бўйича йирик маданий тадбир ташкил этилди.

Халқаро экспертлар, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари, мухлислар кузатувидаги рақс ижроси ўзига хос, байрам шоусига айланди. Тадбир иштирокчиларга нафақат байрамона кайфият, балки тарихий лаҳзаларга гувоҳ бўлиш ҳаяжонини ҳам улашди.
– “Андижон полькаси” рақсини ижро этишда 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган 20 минг нафар андижонликлар иштирок этишди, – дейди Андижон вилояти маданият бошқармаси бошлиғи Марҳабохон Сатторова. – Рақсни оммавий ижро этишга тайёргарлик жараёнида маданият ва таълим муаассасаларида фаолият олиб бораётган 60 нафардан зиёд балетмейстер ва мутахассислар ижрочилар билан иш олиб борилди.


Турли ёшлардаги 20 минг нафар киши ижросидаги “Андижон полкаси” рақси намойиши Турксой маданий тадбирлари доирасидаги муҳим ташаббуслардан биридир.
Ушбу рақс ижроси халқаро экспертлар томонидан кўриб чиқилиб, гиннеснинг рекордлар китобига киритиш бўйича натижа эълон қилиниши кутилмоқда.
Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, “Андижон полкаси” - ўзбек халқ куйи ва шу номдаги миллий рақс бўлиб, у халқимизнинг шодон кайфияти, ҳаётсеварлиги ва миллий руҳини ўзида мужассам этади. Ушбу рақс ўтган асрнинг 20-йилларида андижонлик машҳур созанда, бастакор ва актёр, Ўзбекистон халқ артисти Ориф гармон Тошматов томонидан яратилган ва халқ орасида кенг оммалашган.
Куй 2/4 ёки 4/4 мусиқа ўлчовида яратилган бўлиб, шўх ва жўшқин ритми, енгил ҳамда ҳаракатчан оҳанги билан ажралиб туради. Унда ўзбек мумтоз мусиқаси анъаналари, сурнай, қўшнай ва гармонга хос оҳанглар уйғунлашган. Шу боис “Андижон полкаси” нафақат мусиқий асар, балки миллий характерни ифодаловчи маданий рамз сифатида ҳам қадрланади.


“Андижон - 2026 йилда туркий дунёнинг маданият пойтахти” мақоми доирасидаги тадбирлар давом этмоқда.
Нигора РАҲМОНОВА, Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари