Жорий йилнинг 21 февраль куни «Ўзбекгидроэнерго» АЖ ва Хитойнинг “Zhejiang Jinlun Electromechanic Co., Ltd.” компанияси ўртасида Ўзбекистонда умумий қуввати 2-15 МВтгача бўлган гидроагрегатларни ишлаб чиқариш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда «Ўзбекгидроэнерго» АЖ бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов ва ХХРнинг “Zhejiang Jinlun Electromechanic Co., Ltd.” компанияси раиси Хэ Цзянь Донг Маҳаллийлаштириш дастури доирасида қуввати 2-15 МВтгача бўлган гидроагрегатларни Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича имзоланган меморандум асосида амалга ошириладиган ишлар ва ундан кутилаётган натижалар муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
– Томонлар гидроагрегатларни ишлаб чиқарувчи заводни қуришга келишиб олди, – деди «Ўзбекгидроэнерго» АЖ Хусусий сектор билан ишлаш бўлими бошлиғи Авазбек Зокиров. – Ушбу келишув асосида завод 2024 йил январдан бошлаб тўлиқ қувватда ишга туширилади. Биринчи босқичда қуввати 1 мегаваттгача бўлган гидро агрегатларни, иккинчи босқичда қуввати 15 мегаваттгача бўлган гидроагрегатларни ишлаб чиқаради. Шунингдек, мазкур меморандум билан Хитой Халқ Республикасининг гидроэнергетика соҳасида 60 йилдан ортиқ юқори тажрибага эга бўлган “Zhejiang Jinlun Electromechanic Co., Ltd.” компанияси билан Марказий Осиёда ягона бўлган қуввати 2-15 МВтли гидроагрегатларни ишлаб чиқариш фаолияти йўлга қўйилмоқда. Бу эса нафақат республикамизнинг гидроэнергетика соҳаси учун, балки Ўзбекистон орқали қўшни давлатлар – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон ва бошқа давлатлар учун ҳам гидроагрегатлар ишлаб чиқаришга катта имконият яратилаётганидан далолат беради. Энг муҳими, 2-15 МВтгача бўлган гидроагрегатлар “Made in Uzbekistan” миллий бренди билан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилади. Бундан ташқари, тадбирда ушбу компания билан Президентимизнинг топшириғига асосан республикамиз ҳудудларида микро ГЭСларни кўпайтириш учун ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича ҳам келишувни имзоладик. Яъни, ушбу компаниянинг техник кўмаги билан тизимдаги “Сувсаноатмаш” АЖда гидроагрегатларни ишлаб чиқариш бошланди.
[gallery-10661]
Тадбир якунида ХХРнинг “Zhejiang Jinlun Electromechanic Co., Ltd.” компанияси раиси Хэ Цзянь Донг оммавий ахборот воситалари вакилларига интервью бериш чоғида ўзбек томони билан бошланган ҳамкорликдан мамнун эканини билдирди.
– Аввало, ушбу ташкилотнинг ҳамкори сифатида танланганимиздан жуда хурсандмиз. Ўзбекистонга катта делегация билан келдик. Бугун имзоланган шартномалар бўйича кўп бор келишув ва музокаралар олиб бордик ва бир тўхтамга келдик. Ушбу лойиҳа юзасидан 2023 йилнинг охиригача заводни қуриб ва ишга тушириш ишларини биргаликда амалга оширамиз. Компания бу лойиҳага ўзининг технологиясини ва сармояси билан киряпти. Уни амалга оширишда барча имкониятларимиздан фойдаланамиз. Ўзингиз гувоҳ бўлдингиз, бугун биз шартномага қўл қўйдик. Айтиш керакки, компаниямиз 1952 йил ташкил этилган. У гидроэнергетика соҳасида ускуналарни ишлаб чиқаришга мўлжалланган бўлиб, ҳозирги кунда дунё бўйлаб, Осиё, Африка давлатлари, Лотин Америкаси, Европа, шу жумладан, Ўрта Осиёда, Ўзбекистонда 600 дан ортиқ лойиҳани амалга оширганмиз. Ўйлайманки, Маҳаллийлаштириш дастури доирасида амалга оширилиши кўзда тутилган ушбу лойиҳани амалиётга татбиқ этишда ўз ҳиссамизни қўшамиз, – деди Хэ Цзянь Донг.
Қайд этиш керакки, ушбу амалий ҳамкорлик мамлакатимизнинг гидроэнергетик салоҳиятини оширишга хизмат қилиши баробарида, истиқболли лойиҳалар туфайли тоза ва арзон электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажмини кескин оширади.
<iframe width="1280" height="720" src="https://www.youtube.com/embed/05YmVsDOeBo" title="2-15 МВтгача бўлган гидроагрегатлар "Made in Uzbekistan" миллий бренди остида ишлаб чиқарилади" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири