Аудиторлик хизмати такомиллашмоқда
Пойтахтимизда бухгалтерлик ҳисоби ва аудитни янада такомиллаштириш йўллари мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги масъул ходимлари, аудиторлик ташкилотлари раҳбарлари, амалиётчи бухгалтерлар, олимлар иштирок этди.
Пойтахтимизда бухгалтерлик ҳисоби ва аудитни янада такомиллаштириш йўллари мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги масъул ходимлари, аудиторлик ташкилотлари раҳбарлари, амалиётчи бухгалтерлар, олимлар иштирок этди.Ўзбекистон аудиторлар палатаси раиси Н.Каримов, бухгалтерлар, аудиторлар ва консультантлар федерацияси раиси Н.Ибрагимов, бухгалтерлар ва аудиторлар миллий ассоциацияси раиси М.Тўлахўжаева ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида бухгалтерия ва аудит соҳасини изчил ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида мамлакатимиз иқтисодиётининг барча тармоқларида молиявий ишларнинг барқарорлиги таъминланаётганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 2 июлдаги “Аудиторлик ташкилотларининг молиявий барқарорлигини ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 2014 йил 22 августда имзоланган “Аудиторлик ташкилотлари тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарорлари бунда дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.
Ҳозир мамлакатимизда 100 дан ортиқ аудиторлик ташкилоти фаолият юритмоқда. Бундай ташкилотлар хизматига бўлган талаб тобора ортиб бормоқда. Жумладан, корхона ва ташкилотларга 2006 йилда 4,5 миллиард сўмлик аудиторлик хизмати кўрсатилган бўлса, 2013 йилда 34 миллиард, жорий йилда эса бу кўрсаткич 40 миллиард сўмдан ошди.
– Жаҳон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда барча хизматларни автоматлаштириш орқали ходимлар ва мижозлар вақтини тежашга, ҳужжатларни тизимлаштириш орқали сифатли аудит хизмати кўрсатишга ҳаракат қилмоқдамиз, – дейди Ўзбекистон аудиторлар палатасининг ижрочи директори Р.Ҳайдаров. – Мамлакатимизда халқаро тизимда хизмат кўрсатиш имконига эга бўлаётган аудиторлик ташкилотлари йил сайин ошмоқда. Улар орасида аудит хизматларининг ишончлилиги, рақобатбардошлиги ҳамда ходимларининг малакаси халқаро сифат стандарти ISO 9001:2000 сертификатига лойиқ топилганлар кўпчиликни ташкил этади.
Мамлакатимиздаги турли тармоқларда фаолият юритаётган корхоналар фаолияти тобора кенгаймоқда. Бу эса аудит ва бухгалтерия хизматларига бўлган талабнинг ортишига хизмат қилмоқда. Аудиторлик ташкилотлари нафақат текширувчи, балки ташкилотлардаги камчиликларни бартараф этишда ўз таклифларини берувчи кўмакчиларга айланмоқда.
Анжуманда аудиторлик текширувларида холислик, молиявий ҳисоботдан фойдаланувчилар учун асосли хулосалар бериш, солиқ борасидаги ҳужжатларни тўғри юритиш ва самарадорликни ошириш, соҳадаги замонавий билимларни ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Конференция доирасида “Йилнинг энг яхши аудитори”, “Йилнинг энг яхши ички аудитори», “Йилнинг энг яхши бухгалтери” танловларининг ғолиблари аниқланди.