160 номдаги аудиокитобларнинг тақдимоти бўлиб ўтди
Инсоннинг маънавий камолотини таъминлашда китобдай қудратли восита йўқ. Китоб – инсоннинг ҳаёт йўлларидаги зимистонликни ёритувчи нур, энг содиқ дўст.
Шу сабабдан ҳам халқимизнинг китобхонлик маданиятини ошириш, ёшларни китоб мутолаасига жалб қилиш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги Республика болалар кутубхонаси томонидан аудиокитоблар яратилди. Ўзбек ва жаҳон адабиёти энг сара асарларининг овозли варианти яратилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ушбу китобларнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Ўзбекистон халқ шоири, Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид киши камолотида китобнинг аҳамияти ҳақида сўз юритди.

Шундан сўнг болалар шоири Ориф Тўхташ, аудиокитоб муаллифларидан бири филология фанлари номзоди Раҳимбой Жуманиёзовлар бу китобларнинг яратилиш тарихи, иш жараёнлари ва аудиокитобларнинг аҳамияти ҳақида маълумот беришди.
– Жамиятда турли хил инсонлар мавжуд. Кимдир китобларни кўз нурлари орқали ўқиса, яна кимдир эшитиш орқали китоб мутолаасига тутинади. Шунинг учун ҳам биз аудиокитоблар яратишга қарор қилдик. Ҳозирда жамоамиз билан биргаликда 160 номдаги ўзбек мумтоз ва замонавий адабиёти, жаҳон адабиётининг энг сара асарлари аудио вариантини яратдик, – деди кутубхона директори Дониёр Ўролов.

Ушбу китоблар орасида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоевнинг ўзи ўқиган асарлар ҳам мавжуд. Тайёрланган ушбу китобларни интернет тармоғларидан ҳам юклаб олиш мумкин.
Файзулло Яҳёев, ЎзА