15 ёшга тўлмаган болалар ишлаши мумкинми?
Замонавий меҳнат бозорида болалар меҳнатидан фойдаланиш масаласи нафақат иқтисодий, балки жиддий ҳуқуқий ва ижтимоий мавзулардан биридир. Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Меҳнат кодексига кўра, расмий ишга жойлашиш ёши 16 ёш этиб белгиланган бўлса-да, қонунчиликда муайян истиснолар мавжуд.
Хўш, 15 ёшга тўлмаган болаларнинг ишлашига қайси ҳолатларда рухсат берилади? Улар қандай соҳаларда қонуний фаолият юрита олишади ва иш берувчилар бу жараёнда қандай мажбуриятларни ўз зиммаларига олишлари шарт?
Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Имомали Туев бу борада қуйидагиларни маълум қилди:
–Ҳа, 15 ёшга тўлмаган болалар Ўзбекистонда қонуний равишда ишлаши мумкин, бироқ фақат қатъий белгиланган соҳаларда ва махсус шартлар асосида. Меҳнат кодекси ва “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунга кўра, 15 ёшга тўлмаган болаларни доимий ёки оғир ишларга жалб этиш тақиқланади. Ишга қабул қилиш ёши — 16 ёш ҳисобланади, аслида.
15 ёшга тўлмаган шахслар эса ота-она (ёки васий) розилигига кўра, соғлиғига ва ўқишига зарар етказмайдиган енгил ишларда ишлаши мумкин.
Жумладан, спорт, маданият ва санъат соҳасидаги театр, кино, концерт, мода ёки реклама лойиҳаларида, aхборот ва ижодий фаолиятда расм чизиш, дизайн, рақамли контент яратиш, болалар блоги, танлов ва ижодий лойиҳаларда ишлаши мумкин. Шунингдек, бунда иш вақти чекловлари ҳам мавжуд. 15–16 ёшда ҳафтасига 24 соатгача, агар бола ўқиётган бўлса ҳафтасига 12 соатгача ишлаши мумкин.
Болани ишга қабул қилишда қуйидаги ҳужжатлар ва талаблар сўралади. Хусусан, ота-она розилиги: ота-онасидан бирининг (ёки васийсининг) ёзма розилиги ва меҳнат шартномасини улар имзолаши шарт. Васийлик органи рухсатида васийлик ва ҳомийлик органининг расмий рухсатномаси бўлиши керак. Соғлиқ ва таълимга зарар етмаслиги: иш боланинг соғлиғига, маънавий камолотига зиён етказмаслиги ҳамда мактабдаги ўқиш жараёнига халақит бермаслиги зарур.
Шунингдек, ишга киришдан олдин бола албатта мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши лозим. Болаларни доимий, оғир, зарарли ёки тунги ишларга жалб этиш қатъиян тақиқланади. Иш фақат дарсдан кейин ёки таътил пайтида амалга оширилиши лозим.
Гулноза Бобоева,
ЎзА