1,5 миллион талаба: мамлакат келажаги учун катта имконият!
Ўзбекистонда олий таълим тизими сўнгги йилларда сезиларли кенгайиш ва тузилмавий ўзгаришлар босқичига кирди.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025/2026 ўқув йилида мамлакатда жами 215 та олий таълим ташкилоти фаолият юритмоқда. Шу билан бирга, талабалар сони 1 миллион 535 минг нафарга етган.
Бу икки кўрсаткич бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, таълимга талабнинг ортиши ва тизимнинг кенгайиб бораётганини кўрсатади.
Ҳозирги кунда олий таълим ташкилотлари сони 215 тани ташкил этсада, уларнинг ҳудудлар бўйича тақсимоти бир хил эмас. Энг катта улуш Тошкент шаҳрига тўғри келиб, бу ерда 98 та олийгоҳ жойлашган.
Қолган ҳудудлар бўйича кўрсаткичлар анча паст:
Тошкент вилояти — 19 та
Самарқанд вилояти — 14 та
Қорақалпоғистон Республикаси — 11 та
Бухоро вилояти — 11 та
Андижон, Қашқадарё ва Фарғона — ҳар бири - 9 тадан
Сурхондарё ва Хоразм — 8 тадан
Наманган — 6 та
Жиззах ва Навоий — 5 тадан
Сирдарё — 3 та
Бу тақсимот олий таълим инфратузилмаси ҳали ҳам марказлашган ҳолда қолиб кетаётганини кўрсатади. Яъни, имкониятлар пойтахт ва йирик шаҳарларда кўпроқ тўпланган.
Маълумотларга кўра, 215 та олий таълим ташкилотининг 97 таси нодавлат муассасалар ҳисобланади. Бу эса олий таълимда рақобат муҳити шаклланиб бораётганини англатади.
Нодавлат олийгоҳларнинг кўпайиши талабалар учун танлов имкониятини кенгайтирмоқда, таълим хизматларида рақобатни кучайтирмоқда ҳамда янги таълим дастурлари ва йўналишлар пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда.
Бироқ, бир вақтнинг ўзида сифат назорати ва стандартлаштириш масаласи ҳам долзарб бўлиб қолмоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, талабалар сонининг 1,5 миллиондан ошиши мамлакатда инсон капиталига инвестиция кучайганини кўрсатади. Бу — катта ижтимоий ва иқтисодий ресурс.
215 та олий таълим ташкилоти ва 1,5 миллиондан ортиқ талаба — бу Ўзбекистон олий таълим тизимининг тез суръатларда трансформация бўлаётганини кўрсатади.
Бироқ, ўсиш билан бирга сифат, минтақавий мувозанат ва меҳнат бозори билан интеграция масалалари ҳам кун тартибида турибди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА